Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Вашингтон Эрондаги тўй маросимига берилган зарбани текширяпти

Вашингтон Эрондаги тўй маросимига берилган зарбани текширяпти

АҚШ Эрон жанубидаги тўй маросимига зарба берилгани ҳақидаги хабарларни текширмоқда. Reuters таҳлилига кўра, бинога теккан ўқ-дори АҚШ томонидан қўлланган қурол бўлиши эҳтимоли юқори.

Ҳодиса 1 сентябр куни Эроннинг Ҳўрмуз бўғози соҳилидаги Сирик тумани, Куҳестак қишлоғи яқинида содир бўлган. Эрон давлат телевидениеси маълумотига кўра, дастлаб тўрт киши ҳалок бўлган, кейинроқ шифохонада яна бир аёл вафот этган. Шу тариқа қурбонлар сони 5 нафарга етган. Камида 68 киши жароҳатланган.

Reuters томонидан текширилган фото ва видеоларни таҳлил қилган ҳарбий мутахассислар бинога зарба қайтган парча ёки ҳаво мудофааси ракетаси эмас, балки ҳаводан ташланган ўқ-дори тўғридан-тўғри теккан бўлиши мумкинлигини билдирган. Мутахассислар уни тахминан 500 фунтлик авиабомба бўлиши мумкин, деб баҳолаган.

АҚШ Марказий қўмондонлиги ўша кеча ҳудудда Эроннинг ҳаво мудофааси ва алоқа объектларига зарбалар берилганини тасдиқлаган. Reuters маълумотига кўра, нишонлардан бири тўй бўлиб ўтаётган бинодан тахминан 135 метр масофада жойлашган телекоммуникация минораси бўлган.

АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Вашингтон ҳодисани текшираётганини билдирди. АҚШ ҳарбийлари эса тинч аҳолини атайлаб нишонга олмаслигини таъкидлаган.

Ҳозирча зарба қандай шароитда берилгани ва тўй маросими ўтказилаётган бино нега зарар кўргани бўйича якуний хулоса эълон қилинмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг