Хитойлик ота-оналар фарзандларини оғир меҳнат лагерларига жўнатмоқда
Хитойлик ота-оналар фарзандларини ҳаёт қийинчиликларига кўниктириш ва оиласига меҳрини ошириш мақсадида уларни қишлоқ хўжалиги меҳнат лагерларига юборишмоқда. Бу ҳақда South China Morning Post ёзмоқда.
Шу йилнинг ёзида Хитойда «Ҳаёт синовлари лагери» деб номланган махсус дастур оммалашиб кетди. Кўплаб ота-оналар фарзандлари қишлоқ ҳаёти билан бевосита танишишлари учун минглаб юан (юзлаб АҚШ доллари) сарфлаб, уларни чекка қишлоқларга жўнатмоқдалар. Мазкур дастурлар асосан Хитойнинг жануби-ғарбий қисмидаги Сичуан, Гуйчжоу ва Юннан провинцияларида ташкил этилмоқда — ёзда бу ҳудудларнинг иқлими нисбатан салқин ва меҳнат қилиш учун қулай.
Лагерларда болалар оддий деҳқонларнинг кундалик юмушларини — картошка ковлаш, чорва молларига қараш каби ишларни қилишади. Бироқ уларга меҳнати учун ҳақ тўланмайди, аксинча, ота-оналар фарзандлари меҳнатда тобланиши учун ўз чўнтакларидан пул тўлашади.

«Оромгоҳ»лардан бирида 10 кунлик машаққатли таътил учун 4000 юан (тахминан 600 АҚШ доллари) тўланади. Бир ойгача давом этадиган узоқ муддатли дастурлар эса ота-оналарга 10 000 юандан қимматга тушиши мумкин.
Лагерларда ўта қаттиқ тартиб-интизом ўрнатилган. Агар бола берилган топшириқни бажара олмаса, жазо сифатида унга овқат ўрнига фақат картошка берилади. Лагерга келган болаларнинг телефонлари олиб қўйилади. Кундалик эҳтиёж моллари ва озиқ-овқат эса фақат бажарилган ишнинг ҳажмига қараб тақсимланади.
Лагер ташкилотчиларининг таъкидлашича, мақсад — болаларга жисмоний меҳнатнинг машаққатини ва пул топиш қанчалик қийинлигини амалда кўрсатиш. Албатта, ташкилотчилар бериладиган топшириқлар боланинг соғлиғига зарар етказадиган даражада «ўта оғир» бўлмаслигини назорат қилиб боришади.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда лагердаги болаларнинг уйга кетаман деб йиғлаётганини кўриш мумкин. Ҳатто баъзи болалар қишлоқдаги меҳнатдан кўра мактаб вазифаларини бажаришга рози эканликларини айтиб: «Қишлоқдаги мана шу ишларни қилмасам бўлди, бошқа ҳар қандай юмушга тайёрман», деб ёлворишмоқда.
Айрим лагерларда болалар учун ота-оналарига мажбурий тарзда хат ёзиш тартиби ўрнатилган.
Сичуанлик Гао исмли ота мактабда ўқийдиган қизини мана шундай «Ҳаёт синовлари лагери»га юборган. Аввалига қизи тинмай шикоят қилган, охири эса унга қишлоқда яшаш ва ишлаш ёқиб қолган — ота ҳайратда. Шанхайлик она эса етти ёшли қизини лагерга 10 кунга жўнатган. Унинг кузатишича, таътилдан қайтган қизида ҳали ҳам ялқовлик ва инжиқлик одатлари тўлиқ йўқолмаган. Шунга қарамай, она жуда мамнун. «Энг муҳими, қизим ўз шинам дунёсидан чиқиб, мутлақо бошқача ҳаёт тарзи борлигини ўз кўзи билан кўрди», — дейди у.
«Фарзандларимизнинг бу ёзги лагерларда кўраётган кунлари — бизнинг авлод бошидан кечирган машаққатлар олдида ҳолва. Биз уларга энг яхши ҳаётни совға қилишга уриндик, лекин сезмаган ҳолда уларни эркалатиб, тантиқ қилиб қўйган бўлишимиз мумкин. Болалар бу фаровон ҳаётнинг қадрига етишлари учун қийинчилик ҳам кўришлари шарт», — дея фикр билдирган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.
Бироқ бу фикрга қўшилмайдиганлар ҳам талайгина. «Кўп болалар фақат шаҳар шароитида яшаб таълим-тарбия олишган. Уларни меъёрдан ортиқ оғир жисмоний меҳнатга мажбурлаш ҳам жисмоний, ҳам руҳий ривожланишига жиддий зарар етказиши мумкин», — деб ёзди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.
Ижтимоий тармоқларда ушбу лагерлардан жойлаштирилган видеолар остида минглаб фойдаланувчилар ўз фикрларини қолдирмоқда. Қизиғи, бундай дастурлар билан жиддий қизиқиб, фарзандларини ушбу меҳнат лагерларига қандай ёздириш мумкинлиги ҳақида сўраётганлар оз эмас.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter