Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Хорижлик мураббий чемпион бўлолмайди» — ЖЧ-2026 да «юз йиллик анъана» бузиладими?

«Хорижлик мураббий чемпион бўлолмайди» — ЖЧ-2026 да «юз йиллик анъана» бузиладими?

Карло Анчелотти, Лионел Скалони ва Томас Тухел.

Фото: Getty Images

Футбол бўйича жаҳон чемпионатлари тарихида хорижлик мураббий бошқарган терма жамоа бирор марта ҳам чемпионликни қўлга киритмаган. Фақат ўз ватандошларига, маҳаллий мутахассисларига суянган миллий жамоаларгагина бош соврин насиб этган.

Мундиал арафасида барча жаҳон чемпионатларида зафар қучган бош мураббийларни ёдга оламиз:

1930 — Алберто Супиччи (Уругвай)
1934 — Витторио Поццо (Италия)
1938 — Витторио Поццо (Италия)
1950 — Хуан Лопес Фонтана (Уругвай)
1954 — Йозеф Хербергер (Германия)
1958 — Висенте Феола (Бразилия)
1962 — Айморе Морейра (Бразилия)
1966 — Алф Рамсей (Англия)
1970 — Марио Загалло (Бразилия)
1974 — Ҳелмут Шён (Германия)
1978 — Сесар Луис Менотти (Аргентина)
1982 — Энцо Беарзот (Италия)
1986 — Карлос Билардо (Аргентина)
1990 — Франц Беккенбауэр (Германия)
1994 — Карлос Алберто Паррейра (Бразилия)
1998 — Эме Жаке (Франция)
2002 — Луис Фелипе Сколари (Бразилия)
2006 — Марчелло Липпи (Италия)
2010 — Висенте Дел Боске (Испания)
2014 — Йоахим Лёв (Германия)
2018 — Дидье Дешам (Франция)
2022 — Лионел Скалони (Аргентина)

Анъана 2026 йилда бузиладими?

Бўлажак ЖЧ-2026 мундиаллар тарихидаги энг йириги бўлади, чунки унда илк бор 48 та терма жамоа иштирок этади. Бу эса кутилмаган натижалар ва тарихий рекордлар янгиланиши учун имкониятларни янада оширади. Бироқ «чемпион мураббий фақат маҳаллий бўлиши керак» деган деярли юз йиллик анъана бу сафар ҳам сақланиб қолиши учун жиддий асослар бор.

Агар асосий фаворитларга эътибор қаратсак, уларнинг деярли барчаси яна ўз ватандошларига ишонч билдиришган:

  • Аргентина тахтини амалдаги чемпион Лионел Скалони ҳимоя қилади;
  • Францияни икки карра жаҳон чемпион (ўйинчи ва мураббий сифатида) ҳамда бир марта кумуш медални қўлга киритган Дидье Дешам мундиалга бошлаб боради;
  • Германия Юлиан Нагелсманн бошчилигида янги зафарлар сари интилмоқда;
  • Испания Луис де ла Фуэнте билан мундиал бош совринини кўзламоқда.

Шундай бўлса-да, бу йилги турнирда ушбу қатъий анъанага «зарба бера оладиган» бир нечта кучли хорижлик мураббийлар бор.

Ўз мутахассислари билан беш карра зафар қучган Бразилия бу сафар италиялик Карло Анчелотти билан олтинчи чемпионликни кўзламоқда. 60 йил аввал ўзининг ягона чемпионлигига эришган Англия эса узоқ танаффусдан сўнг бош соврин умидида германиялик Томас Тухелга ишонч билдирган. Умуман олганда, Осиё, Африка ва Шимолий Американинг қатор жамоалари айнан чет эллик тажрибали мураббийлар билан сенсация қилишни мақсад қилган.

ЖЧ-2026 да иштирок этадиган 48 терма жамоадан 27 тасини — хорижликлар, 21 тасини — маҳаллий мутахассислар бошқармоқда.

Энг кўп бош мураббийлар қайси мамлакатлардан?

Аргентина — 6 мураббий

  • Лионел Скалони — Аргентина
  • Маурисио Почеттино — АҚШ
  • Густаво Алфаро — Парагвай
  • Себастян Беккасесе — Эквадор
  • Марсело Бьелса — Уругвай
  • Нестор Лоренсо — Колумбия

Франция — 5 мураббий

  • Дидье Дешам — Франция
  • Руди Гарсия — Белгия
  • Сабри Лямуши — Тунис
  • Себастьен Минье — Гаити
  • Себастьен Дезабр — Конго ДР

Испания — 4 мураббий

  • Луис де ла Фуэнте — Испания
  • Хулен Лопетеги — Қатар
  • Роберто Мартинес — Португалия
  • Томас Кристиансен — Панама

Италия — 3 мураббий

  • Карло Анчелотти — Бразилия
  • Винченцо Монтелла — Туркия
  • Фабио Каннаваро — Ўзбекистон

Германия — 3 мураббий

  • Юлиан Нагелсманн — Германия
  • Ралф Рангник — Австрия
  • Томас Тухел — Англия

Хўш, сизнингча, ЖЧ-2026 мусобақасида асрий анъана ниҳоят бузиладими ёки чемпионлик кубогини яна маҳаллий мураббий қўлга киритадими?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг