Яроқсиз ҳолга келган давлат байроғини йўқ қилиш тартиби ишлаб чиқилди
Адлия вазирлиги «Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзларини тайёрлаш, сақлаш ва йўқ қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳасини ишлаб чиқди.
Ҳужжат лойиҳаси билан Давлат байроғини тайёрлаш, сақлаш ва йўқ қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши кутилмоқда.
Низом билан яроқсиз ҳолга келган давлат байроғини йўқ қилиш тартиби ҳам белгиланмоқда.
Унга кўра, давлат ҳокимияти органлари ва республика ижро этувчи ҳокимият органлари фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келган Давлат байроғини тегишли далолатномани расмийлаштирган ҳолда мустақил равишда йўқ қилади. Давлат байроғи йўқ қилинганлиги ҳақида электрон қайд китобига ёзув киритилади.
Жисмоний шахслар ва нодавлат юридик шахслар ўзларида сақланаётган, фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келган Давлат байроғини йўқ қилиш учун шахсан ёки почта алоқаси орқали туман (шаҳар) ички ишлар органларига топширади.
Ички ишлар органлари фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келган Давлат байроғини қабул қилиб олгач 5 иш куни ичида уни тегишли далолатномани расмийлаштирган ҳолда йўқ қилади.
Фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келган Давлат байроғини йўқ қилиш ундан қайта фойдаланиш имкониятини истисно этувчи усулларда амалга оширилиши лозим. Бунда, Давлат байроғи унга ҳурматни таъминлаган ҳолда, ёқиш ёки бошқа усулда йўқ қилинади.
Давлат байроғининг омма олдида ошкора йўқ қилиниши ёки йўқ қилиш жараёнининг фото ва видеотасвирларини Интернет орқали намойиш этиш (тарқатиш) тақиқланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter