Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Юлдузлардан йўл харитасигача: тараққиётнинг янги стратегияси

Юлдузлардан йўл харитасигача: тараққиётнинг янги стратегияси

2025 йил 26 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Олий Мажлисга ва кўп миллатли халқимизга йўлланган Мурожаатнома давлат тараққиётининг навбатдаги босқичини белгилаб берган, стратегик ва мафкуравий жиҳатдан ўта муҳим сиёсий ҳужжат сифатида тарихга кирди. Ушбу Мурожаатнома нафақат яқин йиллар, балки мамлакатнинг кейинги ўн йилликдаги институционал қиёфасини шакллантиришга қаратилган дастурий йўл харитаси ҳисобланади.

Тарихий ворислик ва замонавий тараққиёт уйғунлиги

Мурожаатномада қўлланган энг таъсирли рамзий образ — Мирзо Улуғбек бобомизнинг юлдузлар харитасига мурожаат бўлди. Президент ушбу образ орқали олти аср аввалги илмий тафаккур ва цивилизацион ютуқларни бугунги давлатчилик тажрибаси билан маънавий ва ғоявий жиҳатдан боғлади.

“Бугун эса биз ҳозирги ва келажак авлодларимиз учун бахтли ҳаётга олиб борадиган йўл харитасини яратишимиз лозим”, деган фикр давлат сиёсатида қисқа муддатли қарорлардан узоқ муддатли стратегик фикрлашга ўтиш зарурлигини англатади. Бу ёндашув Янги Ўзбекистон сиёсий онгининг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилганини кўрсатади.

Ислоҳотларнинг янги формуласи

Агар сўнгги тўққиз йил ислоҳотларни бошлаш, иқтисодиётни тиклаш ва мамлакатни ташқи дунёга очиш даври бўлган бўлса, 2026 йилдан эътиборан давлат сиёсатининг марказига натижадорлик ва инсон манфаати қўйилмоқда.

Иқтисодий эркинлик — бозор муносабатларини янада чуқурлаштириш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш ва рақамли хизматларни ҳар бир хонадонгача етказиш орқали иқтисодий фаолликни кенгайтиришда намоён бўлади.

Ижтимоий ҳимоя эса пассив ёрдамдан фаол ижтимоий интеграцияга ўтишни назарда тутади. Бу тизим инсонни боқишга эмас, балки унинг меҳнати, билими ва ташаббуси орқали жамият ҳаётида тўлиқ иштирокини таъминлашга қаратилган.

“Маҳалла – Инсон – Натижа” формуласи давлат бошқарувини қуйидан юқорига қараб ташкил этишга асосланган, миллий хусусиятларга мос самарали модель сифатида шаклланмоқда.

Озод ва масъулиятли фуқаро концепцияси

Мурожаатномада давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларни қайта англаш ҳамда замон талабларига мос равишда янгилаш зарурати очиқ-ойдин белгилаб берилди.

Бу ёндашув фуқарони ислоҳотларнинг пассив объекти эмас, балки давлат сиёсатининг фаол субъекти сифатида кўриш тамойилига асосланади. Шу маънода, Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори — мустақил фикрлайдиган, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини англайдиган, жамият ҳаётида ташаббускор ва масъулиятли позиция эгаллайдиган фуқародир.

Бундай шароитда давлат бошқарувининг очиқлик, ҳисобдорлик ва фуқаролар манфаатига хизмат қилиш тамойилларига тўлиқ ўтиши ҳуқуқий давлат ва очиқ жамиятни барпо этишда ҳал қилувчи омилга айланади.

Глобал таҳдидлар шароитида миллий жипслик

Жаҳонда геосиёсий зиддиятлар, иқтисодий беқарорлик ва турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган бир пайтда, Мурожаатномада ички бирлик ва ижтимоий барқарорликка алоҳида урғу берилди.

“Бир бўлсак, ягона халқ, ягона миллат бўлиб олға интилсак, кўзлаган улкан мақсадларимизга албатта етамиз!” деган даъват барча сиёсий кучлар, ижтимоий қатламлар ва фуқаролик жамияти институтларини умумий стратегик мақсад атрофида бирлаштиришга қаратилган тарихий чақириқ сифатида янгради.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ушбу Мурожаатномада учта асосий устувор йўналиш яққол намоён бўлади:

  1. Институционал барқарорлик — қонун устуворлиги, мустақил суд ҳокимияти ва самарали давлат институтлари.
  2. Технологик жадаллик — рақамлаштириш, инновациялар ва логистика тизимини ривожлантириш орқали рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш.
  3. Маънавий суверенитет — миллий қадриятлар, фуқаролик эркинлиги ва маънавий барқарорликни таъминлаш.

Ушбу Мурожаатнома 2026 йилни нафақат барқарор иқтисодий ўсиш, балки инсон қадрини юксалтириш, фуқарони давлат сиёсатининг бош мезони ва марказий субъекти сифатида қарор топтиришга қаратилган қатъий, изчил ва узоқ муддатли ҳаракатлар дастурига айлантирди.

Иброҳимжон Сайдуллаев,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази ходими

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг