Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Германия Ўзбекистон билан аграр соҳада ҳамкорликни кенгайтирмоқчи

Германия Ўзбекистон билан аграр соҳада ҳамкорликни кенгайтирмоқчи

Германия Федератив Республикаси Ўзбекистон Республикаси билан турли соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги жабҳасида ҳам ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш ниятида. Германия Бундестагининг Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва ватан масалалари бўйича қўмитаси раиси Ҳерманн Фербер бошчилигидаги делегациянинг жорий йил 20-24 октябрь кунлари Ўзбекистонга ташрифи мобайнида айни шу истак бир неча бор таъкидланди.

Германия элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, ташриф чоғида асосий эътибор Ўзбекистон тараққиёти учун муҳим соҳа бўлмиш қишлоқ хўжалиги ва уни иқлим ўзгариши каби долзарб чақирувлар асосида трансформациясига қаратилди.

Олмон делегацияси Тошкентда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати қўмиталари вакиллари, Ўзбекистон фермерлари кенгаши, Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти вакиллари билан фикр алмашди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар беришича, қуйи палатадаги учрашувда меҳмонларга «Ўзбекистон – 2030» стратегияси, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 –2030 йилларга мўлжалланган стратегияси, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 – 2030 йилларга мўлжалланган концепцияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

«Германия Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги ишончли стратегик ҳамкор сифатида тан олади. Давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар барча йўналишларда жадал ривожланмоқда. Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришлар, айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар бизда катта таассурот қолдирди. Бундай учрашувлар ўзаро тажриба алмашиш ва чўлланишдан тортиб, озиқ-овқат барқарорлигигача бўлган глобал муаммоларга биргаликда ечим топиш имконини беради»,– деган Бундестаг қўмита раиси Ҳерманн Фербер.

Бундан ташқари, делегация икки кун давомида Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюриб, қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик соҳалари билан, хусусан, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ сув танқислиги муаммоси билан яқиндан танишган.

Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) Оролбўйи халқаро инновациялар маркази ва Нукусдаги Қишлоқ хўжалиги институти билан кўп йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келади ва Қорақалпоғистонни иқтисодий ривожланиш, соғлиқни сақлаш, таълим ва иқлим ўзгаришига мослашиш каби соҳаларда турли лойиҳалар билан қўллаб-қувватлайди.

«Германия парламенти аъзоларининг Ўзбекистонга ташрифи ва уларнинг ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ўзаро фикр алмашиши ҳар икки томон учун жуда қадрлидир. Биз бир-биримиздан ўрганишимиз ва қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма лойиҳаларни янада илгари суришимиз мумкин», – деган Германиянинг юртимиздаги элчиси Манфред Ҳутерер.

Германия кўплаб соҳалар қатори экология, иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этиш каби йўналишларда ҳам Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилмоқда.

2022 йилда Ўзбекистон экология тизими раҳбарияти ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ўртасида битим имзоланган. 10 миллион евролик лойиҳа доирасида Марказий Осиёда иқлим ўзгариши хавфларини бошқариш, кадрлар салоҳиятини институционал ривожлантириш, минтақада иқлим муаммолари бўйича мулоқотни йўлга қўйиш ва ўзаро трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш кўзда тутилган.

Германия ажратган кўп миллион евролик кўмак воситасида Оролбўйи минтақасида ҳам қишлоқларни ривожлантириш, иқлим ўзгаришига мослашиш, Орол денгизининг қуриган тубида биологик хилма-хилликни тиклаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш каби йўналишларда қўшма дастурлар амалга оширилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг