Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида «Мамай» ўтказиш пункти очилиши мумкин
Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида «Мамай» ўтказиш пункти очилиши кутилмоқда. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.
Қирғизистон президентининг махсус топшириқлар бўйича махсус вакили Бакит Торобаев Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги «Мамай» халқаро ўтказиш пункти лойиҳасини амалга ошириш жараёни билан танишди.
Унинг таъкидлашича, мазкур постни очиш ва Кербен — Мамай автомобил йўлини қуриш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
«Ўтказиш пункти фойдаланишга топширилса, маҳаллий аҳолида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни қўшни мамлакатга экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади. Бу туризм ривожига ҳам туртки беради. Хусусан, Падишо-Ота, Сари-Челек ва Қора-Қамиш каби гўзал масканларга сайёҳлар оқими кўпайиши кутилмоқда. Маҳаллий аҳолининг иқтисодий фаоллиги ошади», — деди Торобаев.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон–Ўзбекистон чегарасидаги «Мамай» ўтказиш пункти 2020 йилда ёпилган эди. Қирғизистон Жўғорғи Кенеш депутатлари сўнгги бир неча йил давомида мазкур чегара пости фаолиятини қайта тиклашга чақириб келган.
Маълум қилинишича, 2026 йил июл ойида Қирғизистон ва Ўзбекистон ўтказиш пунктлари сонини 15 тадан 30 тага етказишга келишиб олган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter