Президент Қувасойдаги керамогранит плита ишлаб чиқарувчи корхонада бўлди
Президент Шавкат Мирзиёев Қувасой шаҳридаги «Crown Ceramic» қўшма корхонасида керамогранит плиталар ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ҳозирда республикада 47 та керамик плита ишлаб чиқарувчи корхона фаолият юритмоқда. 2025 йилда улар томонидан 47,2 миллион квадрат метр маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ички талаб 128,6 фоизга қопланди.
2025 йилда ташкил этилган мазкур корхона йилига 8 миллион квадрат метр керамогранит плита ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Лойиҳа 1 триллион сўмлик маҳсулот тайёрлаш, 665 миллиард сўмлик қўшилган қиймат яратиш ва 35 миллион долларлик экспорт имкониятини беради.
Корхонада маҳаллий хомашёдан фойдаланиш даражаси 97 фоизни ташкил этмоқда. Хомашёнинг асосий қисми Қувасой конлари ҳамда Тошкент вилоятининг Ангрен ҳудудидан келтирилади.
Ишлаб чиқариш жараёнида бир кунда 600 тонна сараланган тош, 100 тонна қизил каолин ва 100 тонна кулранг каолин ишлатилади. Бу ерда Марказий Осиё ва Шарқий Европа бозорларида кам учрайдиган йирик форматдаги керамогранит плиталар 6 хил ўлчамда тайёрланади.
Жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, энерготежамкор технологиялар жорий этилган. Экологик талаблар асосида чанг ютиш мосламалари ўрнатилган, сув ресурсларидан қайта фойдаланишнинг ёпиқ тизими йўлга қўйилган.
Корхона маҳсулотлари сифат ва техник кўрсаткичлари бўйича Италия, Испания ва Хитой маҳсулотлари билан рақобатлаша олади. 2026 йилнинг биринчи чорагида Қирғизистон ва Тожикистонга 400 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
Айни пайтда Қозоғистон, Россия ва Европа давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, глазурь маҳсулотларини маҳаллийлаштириш бўйича янги лойиҳа амалга оширилмоқда.
Қиймати 20 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳа 2026 йил сентябрда ишга туширилиб, йилига 50 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайди. Бу орқали яна 100 та иш ўрни яратилиб, қўшимча 10 миллион долларлик экспорт имконияти шаклланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter