Хитой қандай қилиб дунёнинг иккинчи иқтисодига айланди? Давра суҳбатидан хулосалар
Тошкентда Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан “Хитой менинг нигоҳимда” мавусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир аввалида ХХРнинг Ўзбекистондаги Муваққат ишлар вакили Ван Цзивэя икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларига юксак баҳо берди.
Хитойда бўлиб қайтган ўзбекистонлик олим ва журналистлар “Хитойнинг иқтисодий тараққиёти ва очиқлик сиёсати”, “Хитойда қашшоқликка қарши кураш”, “Хитойда инновация ва юқори технологиялар”, “Хитойда “яшил” бошқарув ва экологик цивилизация” мавзуларида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Сўзга чиқувчилар, ўз сафарларидан чиқарган хулосалари сифатида, Хитой 1978 йилда Ден Сяопин бошлаган очиқлик ва ислоҳотлар сиёсатини амалдаги Хитой раҳбари Си Цзиньпин собитқадамлик билан олиб бораётгани туфайли шу даражага етганлигини таъкидлаб ўтишди. Ислоҳотлар туфайли Хитой:
- Бозор иқтисодиётига ўтди;
- Хорижий инвестицияларни жалб қила олди;
- Хусусий сектор ривожланди;
- Янги иқтисодий зоналар ташкил этилди.
Кўрилган мана шу чоралар иқтисодиётнинг тез ривожланишига сабаб бўлди. Хитой жаҳонга очилди, савдо-сотиқ ривожланди, янги технологиялар жорий қилинди. Ишлаб чиқариш ва экспорт ўсди.
Хитойдаги очиқлик ва ислоҳотлар сиёсатини босқичларга бўлсак, биринчи босқич 1978-1992 йилларни қамраб олиб, унда асосий эътибор қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишга қаратилди. Жамоа хўжаликлари ўрнига мустақил бошқарув йўлга қўйилди. Аграр ислоҳотлар туфайли қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ортди. Қишлоқ аҳолиси таълим, тиббиёт ва бошқа имкониятлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Қишлоқдаги ислоҳот самара бергач, тажриба шаҳарларга кўчирилди. Дунёга очилиш туфайли Махсус эркин иқтисодий зоналар ташкил этилди.
Иккинчи босқич 1992-2013 йилларни қамраб олиб, ислоҳотлар чуқурлаштирилди. Бу даврда социалистик бозор иқтисодий тизими барпо этилди. Шанхай ва Шэньчжэнь фонд биржалари ташкил этилди, Хитойнинг материк қисмида капитал бозори пайдо бўлди. Ички ва ташқи инвестиция бирдан ошди ва Хитойда импорт ва экспорт кўпаиб борди. 2001 йилда Хитой Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлди. 2010 йилда Хитой иқтисод бўйича Японияни қувиб ўтди ва жаҳон иқтисодида иккинчи давлатга айланди.
Учинчи босқич хокимиятга Си Цзинпин келиши билан 2013 йилда бошланди. Ўша йили Шанхай эркин савдо зонаси ташкил этилди, «Бир йўл,бир белбоғ» ташаббуси илгари сурилди. 2018 йилда Хайнан эркин савдо порти қурила бошланди. Бу даврга келиб Хитойнинг жаҳон савдосидаги ҳиссаси 30 фоизга етди ва дунёда биринчи ўринга чиқди. Камбағаллар сони 740 миллион кишига қисқарди. Болаларнинг 95 фоизи мактабга борди. Бир миллиарддан ортиқ киши базовий пенсия суғуртасига эга бўлди. 130 миллиондан ортиқ киши тиббиёт суғуртасига эга бўлди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter