Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Гукеш — Синдаров матчида мукофот жамғармаси 2,5 миллион долларни ташкил этади

Гукеш — Синдаров матчида мукофот жамғармаси 2,5 миллион долларни ташкил этади

FIDE 2026 йилги жаҳон чемпионлиги учун матч регламентини эълон қилди. Унга кўра, амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаровга қарши шахмат тожини ҳимоя қилади.

Матч 22 ноябрдан 12 декабргача Швейцариянинг Женева шаҳридаги Fondation Martin Bodmer мажмуасида бўлиб ўтади. Биринчи классик партия 24 ноябрда, сўнггиси эса 11 декабрда ўйналади. Агар 14 партиядан кейин ҳисоб тенг бўлса, 12 декабр куни тай-брейк ўтказилади.

Жаҳон чемпионлиги баҳси кўпи билан 14 та классик партиядан иборат бўлади. Биринчи бўлиб 7,5 очко тўплаган шахматчи чемпионликни қўлга киритади.

Гукеш ва Синдаров матч бошланган пайтда 20 ёшда бўлади. Шу тариқа, бу жаҳон чемпионати тарихидаги энг ёш икки шахматчи ўртасидаги чемпионлик баҳси бўлади.

Жавоҳир Синдаров жаҳон чемпионлиги учун матчда иштирок этиш ҳуқуқини 2026 йилги FIDE Номзодлар турнирида ғолиб чиқиб қўлга киритди. У мусобақада 14 имкониятдан 10 очко тўплаб, бирорта ҳам партияда мағлуб бўлмади ва турнир ғолиблигига бир тур қолгандаёқ эришди.

Бундан олдин Синдаров 2025 йилги FIDE Жаҳон кубогида ҳам ғолиб чиққан эди. У мутлақ жаҳон чемпиони унвони учун матчда иштирок этадиган Ўзбекистон тарихидаги биринчи шахматчи бўлади.

Гукеш эса 2024 йилда Сингапурда Дин Лижэнни 7,5:6,5 ҳисобида мағлуб этиб, жаҳон чемпиони бўлган. У ўшанда 18 ёшида шахмат тарихидаги энг ёш мутлақ жаҳон чемпионига айланган.

Матчнинг умумий мукофот жамғармаси 2,5 миллион долларни ташкил этади. Регламентга кўра, ҳар бир ғалаба учун шахматчига 200 минг доллардан берилади, қолган маблағ эса икки иштирокчи ўртасида тақсимланади.

Жаҳон чемпионлиги учун баҳс Fondation Martin Bodmer — жаҳон адабиёти ва инсоният тарихига оид ноёб қўлёзмалар ҳамда ҳужжатлар сақланадиган машҳур кутубхона-музейда ўтказилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг