Марказий Осиё тоғларидаги музликларнинг 96 фоизи эриб кетиши мумкин
Шимолий Тян-Шан тоғлари.
Халқаро иқлимшунослар олимлар прогнозларига кўра, XXI аср ўрталарида сайёрамизда музликларнинг ёппасига йўқолиш даври бошланиши мумкин. Агар глобал исиш давом этса, йилига 2-4 мингтагача музлик йўқ бўлиб кетиш хавфи остида, деб хабар берди Швейцария олий техника мактаби (ETH) матбуот хизмати.
Олимлар бугунги кунда мавжуд 200 мингга яқин музликнинг тақдирини турли иқлим сценарийларида таҳлил қилишди. Тадқиқот оптимистик (ҳароратнинг тез барқарорлашуви сабабли) ҳамда 2100 йилга бориб ҳароратнинг тўрт даражага кўтарилиши билан боғлиқ пессимистик вариантларни қамраб олди. Ҳар икки ҳолда ҳам муз қопламларининг майдони тўхтовсиз қисқариб боради, бироқ жараёнларнинг миқёси ва тезлиги кескин фарқ қилади.
Кичик баландликдаги тоғларда ёки паст кенгликларда жойлашган музликлар — энг заиф нуқталар. Булар Алп ва Кавказ тоғлари, Шимолий Американинг Қояли тоғлари, Анд ва Африка тоғларининг айрим ҳудудларидаги музликлар. «Бу ерлардаги музликларнинг ярмидан кўпи яқин ўн-йигирма йил ичида йўқ бўлиб кетади», — деди ETH илмий ходими Ландер фон Трихт.
Тадқиқотчилар «музликларнинг йўқ бўлиб кетиш чўққиси» тушунчасини ишлаб чиқишди — бу музликларнинг йўқ бўлиб кетиш тезлиги энг юқори даражага етган давр. Энг «яхши сценарий»да (1,5 даражагача исиш) бу чўққи 2041 йилга тўғри келади ва Ерда ҳар йили 2 мингга яқин музлик йўқ бўлиб кетади ва аср давомида ҳозирги 200 мингта музликдан 100 га яқини сақланиб қолади. Энг «ёмон сценарий»да (4 даражагача исиш) чўққи 2055 йилга силжийди ва йиллик йўқотишлар 4 мингтагача ошиб, атиги 18 мингта музлик қолади.
Сўнгги сценарийда оқибатлар жуда кўп минтақалар учун ҳалокатли. Марказий Европада 3 600 та алп музлигининг атиги 20 таси сақланиб қолади. АҚШнинг Қоя тоғлари музликларининг 99 фоизидан жудо бўлади. Марказий Осиё тоғ тизимлари — 96 фоиз, Анд тоғлари — 94 фоиз музликларини йўқотади. Бу маҳаллий экотизимларга жиддий таъсир қилади, хусусан, ичимлик суви ўта долзарб муаммога айланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter