Кармана тумани ҳокими мактаб ўқитувчиларини тик турғизиб қўйди, вазирлик ҳолатни қоралади
Шоҳрух Болтаев.
Кармана тумани ҳокими Шоҳрух Болтаевнинг «таълим сифатини кўтариш» баҳонасида ўқитувчиларни ҳокимликда бир соат тик турғизиб қўйгани жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мазкур ҳолатни ўрганиб, ҳокимнинг ҳаракатларини қонунга зид деб топди.
Kun.uz нашри ёзишича, ҳоким 12 март куни Ҳазора қишлоғидаги 9-умумтаълим мактабида ёшлар билан учрашув ўтказган. Учрашув вақтида Шоҳрух Болтаев ўқувчи ва ўқитувчиларга турли саволлар берган, шеър айтиб беришни сўраган. Бироқ ўқувчилар ҳокимнинг кетма-кет саволларидан ҳаяжонланиб, шеър айтиб беролмаган.
Учрашувдан сўнг ҳоким мактабнинг барча ўқитувчиларини соат 17:00 да ҳокимлик биносига олиб боришни буюрган. Аксарияти хотин-қизлардан иборат бўлган 46 нафар ўқитувчи автобусда 30 км йўл босиб, айтилган вақтда ҳокимлик биносига борган.
«Соат 17:00 да етиб бордик. Кутиб ўтирдик. Ярим соатлардан сўнг ҳоким келди. Барча ўқитувчини тик оёқда турғизиб қўйиб, мажлис ўтказди. Қаттиқ гапирди, “РайОНО” вакилларига мактабимизда текшириш ўтказиш бўйича топшириқ берди, директор ўринбосарларининг аризасини оласан, деди. Кўпимиз рўзадор эдик», — деган Kun.uz билан гаплашган ўқитувчилардан бири.
Вазирлик маълум қилишича, туман ҳокими таълим сифати пастлигини важ қилиб, мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига (ОТМ) кириш кўрсаткичи пастлигини танқид қилган. Бироқ рақамлар бошқача манзарани кўрсатмоқда:
- 2025 йилда мазкур мактаб битирувчиларининг 61 фоизи ОТМларга ўқишга қабул қилинган (туман миқёсида 6-ўрин).
- ўртача балл кўрсаткичи 98,7 баллни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 8 баллга ошган.
- 39 нафар битирувчининг 38 нафари турли фанлар бўйича миллий ва халқаро сертификатларга эга.
Вазирлик «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонунга асосан, педагогнинг касбий фаолиятига аралашиш ҳамда уларни хизмат вазифасига боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш қатъиян тақиқланишини эслатиб ўтди.
Муассаса педагогларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилишда давом этишини ҳамда мансабдор шахсларнинг уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувини қаттиқ қоралашини билдирган.
Шоҳрух Болтаев 2025 йил 1 ноябрда Кармана туманига ҳоким этиб тайинланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter