Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентда Ўзбекистон–Япония қўшма университети ташкил этилади

Тошкентда Ўзбекистон–Япония қўшма университети ташкил этилади

Фото: Xabar.uz

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон–Япония қўшма университети ташкил этилади. Бу бўйича ҳамкорлик келишуви Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Япониянинг Сукуба университети президенти Кёсукэ Нагата томонидан видеоконференцияалоқа орқали имзоланди.

Маълум қилинишича, янги олий таълим муассасаси замонавий техник ва бошқарув йўналишларида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, икки давлат ўртасидаги таълим ва илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон олий таълим тизимини халқаро академик ҳамжамиятга янада интеграция қилишга хизмат қилади.

Лойиҳага кўра, университет Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ мустақил юридик шахс сифатида фаолият юритади. Унинг таъсисчилари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Сукуба университети мувофиқлаштирадиган Япония университетлари консорциуми бўлади.

Дастлаб олийгоҳда сунъий интеллект ва рақамли трансформация ҳамда бизнес бошқаруви йўналишлари бўйича магистратура дастурлари йўлга қўйилади. Кейинчалик докторантура ва бакалавриат босқичларини очиш режалаштирилган. Таълим инглиз тилида Япония олий таълими модели асосида олиб борилади. Талабалар учун Японияда қисқа муддатли таълим дастурлари, шунингдек, япон тили ва маданияти бўйича курслар ҳам ташкил этилади.

Келишувга мувофиқ, Ўзбекистон томони университет кампуси, замонавий ўқув ва илмий инфратузилмани яратиш ҳамда профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимлар фаолиятини молиялаштиради. Сукуба университети эса ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, профессор-ўқитувчиларни жалб этиш ва академик алмашинув дастурларини ташкил этишда кўмаклашади.

Режага кўра, 2026 йил сентябр ойида Тошкентда тайёргарлик офиси иш бошлайди. Магистратура дастурларига илк қабул эса 2028/2029 ўқув йилидан йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг