Хорижда ўқиётган ўзбекистонлик талабалар сони кескин камайди
2026 йилнинг январ–март ойларида 5 минг 862 нафар Ўзбекистон фуқароси таълим олиш мақсадида хорижга чиққан. Миллий статистика қўмитасига кўра, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 минг нафарга ёки 21,2 фоизга камайган.
Қайд этилишича, ўзбекистонликлар орасида энг оммабоп таълим йўналиши сифатида Россия етакчиликни сақлаб қолган. Уч ой давомида ушбу мамлакатга 1 минг 241 нафар фуқаро ўқиш мақсадида жўнаб кетган.
Кейинги ўринларда Жанубий Корея ва Қирғизистон қайд этилган. Жанубий Кореяга 1 минг 131 нафар, Қирғизистонга эса 1 минг 59 нафар ўзбекистонлик таълим олиш учун борган.
Статистикага кўра, хитойлик ва туркиялик олийгоҳлар ҳам ўзбекистонлик ёшлар учун жозибадорлигини сақлаб қолмоқда. Хитойга 424 нафар, Туркияга эса 423 нафар фуқаро ўқиш мақсадида чиққан.
Шунингдек, Тожикистонга 381 нафар, Буюк Британияга 292 нафар Ўзбекистон фуқароси таълим олиш учун йўл олган. Бошқа давлатларга ўқиш мақсадида кетганлар сони 911 нафарни ташкил этган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter