Фарзандини мактабга бераётган ота-оналар учун энг муҳим 10 та саволга жавоб
Бугун фарзандини мактабга бериш арафасида турган ота-оналарда my.gov.uz орқали 1-синфга ҳужжат топширишда юзага келаётган кўплаб саволларга жавоб берамиз:
- Савол: Уйимга бириктирилган мактаб тизимда кўринмаяпти, баъзан нотўғри мактаб чиқяпти. Нима қилишим керак?
— Биринчи навбатда, аризани турмуш ўртоғингизнинг (агар онасининг профилида чиқмаётган бўлса, отасининг ёки аксинча) my.gov.uz профили орқали юборишга уриниб кўринг. Агар муаммо ҳал бўлмаса, мактабни яшаш манзилингизга бириктириш учун кўрсатилган рақамга мурожаат қилинг.
- Аризани топширишнинг 1-қадамида “Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги текшируви вақтинча ишламаяпти. Илтимос, кейинроқ қайта уриниб кўринг” ёки “Ташқи тизимдан яшаш жойи тўғрисидаги маълумотни олишнинг имкони бўлмади” деган хатолик чиқяпти...
— Айни кунларда аризачилар оқими жуда юқори бўлганлиги сабабли Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг серверларида вақтинча узилишлар юзага келмоқда. Хавотирга ўрин йўқ, бироз вақт ўтиб аризани қайтадан юборишингиз мумкин.
- Аризам рад этилди ва сабаби сифатида “Кечирасиз, маълумотлар алмашинувида узилишлар мавжуд // Извините, есть перебои в обмене данных” деб кўрсатилди. Энди нима қиламан?
— Давлат персоналлаштириш маркази (ДПМ) тизимидаги вақтинчалик техник узилишлар сабабли шундай хатолик юзага келиши мумкин. Аризани бироздан кейин қайтадан юборишингизни сўраймиз.
- Мен ҳам 1-синфга онлайн қабул учун ариза топшира оламанми?
— Бу сиз яшаётган туман онлайн қабул тизимига киритилганлигига боғлиқ. Агар сиз истиқомат қилаётган туман тасдиқланган рўйхатда мавжуд бўлса — ХА, топшира оласиз. Агар туман рўйхатда бўлмаса — ЙЎҚ, мактабга бевосита мурожаат қилинади.
- 1-синфга онлайн ариза топширишнинг муқобил усули борми?
— Ҳа, бор. Агар сиз my.gov.uz портали ёки мобил иловасидан фойдаланишни истамасангиз, аризани Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг махсус https://my.maktab.uz/ портали орқали ҳам юборишингиз мумкин.
Агар сиз аризани https://my.maktab.uz/ сайти орқали юборсангиз, ушбу ариза ва унинг ҳолати my.gov.uz порталидаги шахсий кабинетингизда акс этмайди. Аризани фақат ўша юборилган сайтнинг ўзидан кузатиб боришингиз керак бўлади.
- Микроҳудудларни ким белгилайди?
— Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, туман ва шаҳар ҳокимликлари қарорига кўра микроҳудудлар белгиланади, яъни, мактабларга яқин ҳудудлар (маҳалла, кўча, кўп қаватли уйлар) мактабларга бириктирилади.
- Нима учун болани 1-синфга жойлаштиришда менинг микроҳудудимга бириктирилган мактабга устуворлик берилади?
— Қонунчиликка мувофиқ, умумий ўрта таълим мажбурий ҳисобланади ва ўқувчиларга яшаш жойи (микроҳудуд) бўйича давлат умумтаълим муассасаларига қабул қилиниш ҳуқуқи кафолатланади.
- Мен боламни микроҳудуддаги мактабга эмас, иш жойимга яқин мактабга жойлаштира оламанми?
— Албатта, бунинг учун 1 августдан сўнг танлаган мактабингизга микроҳудуддан ташқари тарзда ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин (электрон қабул мавжуд бўлган ҳудудларда электрон тизим орқали). Қабул бўш ўринлар мавжудлиги, мактабнинг малакали ўқитувчилар билан таъминланганлиги ва ўқув хоналарининг жиҳозланганлиги ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади. Ўқувчилар сони мактаб сиғимидан ортиқ бўлган мактабларда қўшимча квота бўйича қабул амалга оширилмайди. Бундай ҳолларда ҳудудий бошқарув органлари сизга яқин жойлашган бошқа мактабларни тавсия қилади.
- Агар менинг микроҳудудимга бириктирилган мактабда рус тилида таълим бериладиган синфлар бўлмаса, боламни қайси мактабга жойлаштиришим мумкин?
— Бундай ҳолатда танлаган таълим тили бўйича энг яқин мактаб бириктирилади. Қўшимча маълумотни ҳудудий бошқарув органларидан олишингиз мумкин.
- Менинг доимий рўйхатдан ўтган манзилим бошқа жойда, амалда эса бошқа жойда яшайман. Боламни амалда яшаш жойим бўйича мактабга жойлаштира оламанми?
— Электрон қабул амалга ошириладиган ҳудудларда тизим ИИВнинг манзил маълумотлари базаси билан интеграция қилинган. Ариза топширишда базадаги доимий рўйхатдан ўтган манзилингиз ҳисобга олинади. Агар болангизни амалда яшаш жойингиз бўйича жойлаштирмоқчи бўлсангиз (доимий рўйхат бўлмаган ҳолда), 1 августдан кейин ариза топширишингиз мумкин.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter