Тадқиқот: ижтимоий саҳналарни англашда одамлар сунъий интеллектдан устун
Сунъий интеллект юзни танийди, объектни ажратади, матн ёзади. Аммо одамлар ўртасидаги нозик ишора, ҳаракат ва ниятларни англаш масаласида у ҳали ҳам инсондан ортда. Янги тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳаракатдаги ижтимоий саҳналарни талқин қилишда одамлар ҳозирги СИ моделларидан анча устун.
Жонс Хопкинс университети олимлари олиб борган тадқиқотга кўра, мавжуд сунъий интеллект тизимлари инсонлар ўртасидаги ижтимоий ўзаро таъсирни — ким ким билан мулоқотда, ким нима қилмоқчи, ҳаракат ортида қандай ният борлигини тўлиқ англаб ета олмаяпти. Бу эса ўз-ўзини бошқарадиган автомобиллар, ёрдамчи роботлар ва реал ҳаётда одамлар билан бир маконда ҳаракат қилиши керак бўлган технологиялар учун жиддий муаммо.
Тадқиқотнинг бош муаллифи, когнитив фанлар бўйича доцент Лейла Исикнинг таъкидлашича, масала фақат маълумотда эмас — муаммо СИнинг ўзи қандай «ўйлайди» деган саволда.
«Масалан, ўз-ўзини бошқарадиган автомобил пиёдаларнинг ниятини англаши керак: у қайси томонга ўтмоқчи, икки киши суҳбатлашяптими ёки кўчани кесиб ўтишга тайёрланяптими. Агар сунъий интеллект одамлар билан ўзаро алоқада бўлиши керак бўлса, у инсон ҳаракатларини тўғри таниши шарт. Бу тадқиқот шуни кўрсатяптики, ҳозирги тизимлар бунга ҳали қодир эмас», — дейди Исик.
Тажриба қандай ўтказилди?
Олимлар инсон иштирокчиларига уч сониялик видеоларни намойиш қилди. Уларда одамлар бир-бири билан мулоқотда, ёнма-ён ҳаракатда ёки мутлақо мустақил ҳолда кўрсатилган. Иштирокчилар видеодаги ижтимоий ўзаро таъсир даражасини бирдан бешгача бўлган шкалада баҳолашди.
Шундан сўнг тадқиқотчилар 350 дан ортиқ СИ моделига — тил, видео ва тасвир моделларига инсон ҳатти-ҳаракати ва ҳатто мия фаолиятини башорат қилиш вазифасини юклашди.
Натижа кутилганидек… инсонлар фойдасига чиқди.
Иштирокчилар баҳолашда кўп ҳолларда бир фикрга келишди. СИ моделлари эса ҳажми, ўқитилган маълумоти ва туридан қатъи назар — бундай бирдамликни кўрсата олмади. Видео моделлар одамлар видеода нима қилаётганини аниқ тасвирлай олмади. Ҳатто ҳаракатсиз кадрлар асосида ишлайдиган тасвир моделлари ҳам одамлар ўзаро мулоқотдами ёки йўқлигини ишончли тарзда аниқлай олмади.
Қизиғи шундаки, тил моделлари инсон хулқ-атворини тахмин қилишда, видео моделлар эса миядаги асабий фаолликни прогноз қилишда нисбатан яхшироқ натижа кўрсатди. Аммо умумий манзара барибир аён: СИ ижтимоий динамикани “ҳис қилмайди”.
Статик дунёда туғилган интеллект
Олимлар бу муаммонинг илдизини СИ архитектурасининг ўзида кўришмоқда. Ҳозирги нейрон тармоқлар инсон миясининг асосан статик тасвирларни қайта ишлайдиган қисмидан илҳомланган. Ҳолбуки, ижтимоий саҳналарни англаш учун миянинг бутунлай бошқа — динамика, ҳаракат ва контекстни қайта ишлайдиган соҳалари ишга тушади.
«Расмни кўриш, объект ва юзни таниш — бу биринчи қадам эди. Аммо ҳаёт статик эмас. Саҳнада нима содир бўляпти, одамлар қандай муносабатда — шуни англай оладиган СИ керак. Бу тадқиқот шу йўлдаги катта қора нуқтани кўрсатиб беряпти», — дейди тадқиқот муаллифларидан бири Кэти Гарсия.
Хулоса шундай: сунъий интеллект ҳали жуда кўп нарсани «кўриб туриб», англамаяпти. Одам эса — ишорадан, ҳаракатдан, сукутдан ҳам маъно чиқара олади. Шундай экан, ҳозирча ижтимоий саҳналарни ўқиш борасида инсон миясига рақобатчи йўқ. СИ эса ҳали навбатда — ўқувчи сифатида.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter