Франциядаги яна бир музейидан қимматбаҳо экспонатлар ўғирланди
Францияда жойлашган машҳур Lalique музейида йирик ўғирлик содир этилди. Номаълум шахслар музейдан умумий қиймати 4 миллион еврогача баҳоланаётган 20 га яқин ноёб экспонатни ўғирлаб кетган.
Le Parisien нашрининг манбаларига кўра, ўғирлик 5 июл куни кечқурун содир бўлган. Жиноятчилар музей эшигини бузиб кирган, олтита шиша витринани синдирган ва қимматбаҳо экспонатларни олиб, ҳеч қандай тўсиқсиз ҳудудни тарк этган.
Маълум қилинишича, музей хавфсизлик сигнализацияси билан жиҳозланган бўлиб, ҳодиса вақтида тизим ишга тушган. Бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга биринчи бўлиб қўриқлаш хизмати эмас, балки музей фарроши хабар берган. Ҳозирда нима сабабдан хавфсизлик хизмати тезкор чора кўрмагани ўрганилмоқда.
Манбаларнинг таъкидлашича, 2025 йил октябр ойида Лувр музейида юз берган ўғирликдан кейин Lalique музейи «алоҳида назорат» остига олинган эди. Шунга қарамай, мавжуд хавфсизлик тизимлари ноёб экспонатларни ҳимоя қилиш учун етарли бўлмаган.
Lalique музейи француз заргари ва шиша санъати устаси Рене Лалик ҳамда унинг издошлари ижодига бағишланган. Рене Лалик ар-нуво ва ар-деко услубларида яратилган безак санъати асарлари билан жаҳонга машҳур ҳисобланади.
Ҳозирда полиция ўғирланган экспонатларни қидириш ва жиноятчиларни аниқлаш бўйича тергов ишларини олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Луврда ўғирланган осори-атиқалар 88 млн еврога баҳоланганди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter