Германияга ўзбекистонлик мутахассисларни жалб қилиш янада кенгайтирилади
Германиянинг Франкфурт-Майн шаҳри Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон фуқароларини мамлакат меҳнат бозорига тартибли ва хавфсиз жалб қилиш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда Германия томонидан палата масъуллари ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасидаги йирик компаниялардан бири бўлган «WISAG» раҳбарияти иштирок этди.
Ўзбекистон томонидан йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Германия бўйича фахрий вакили Гулнора Салимова ва вице-консул Бекзод Абдуллаев қатнашди.
Музокаралар давомида Ўзбекистонда мутахассисларни Германия меҳнат бозори талабларига мос тайёрлаш, уларга немис тилини ўргатиш ва ташкилий асосда ишга жойлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Томонлар меҳнат миграциясини янада тизимли ташкил этиш имкониятларини ҳам муҳокама қилди.
Учрашувда Германия визасини расмийлаштириш жараёнининг узоқ давом этаётгани асосий мавзулардан бири бўлди. Қайд этилишича, бу ҳолат ишга қабул қилиш жараёнлари суръатига салбий таъсир кўрсатмоқда.
«WISAG» компанияси вакили Небойша Бискуп Германия корхоналарида меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ходимларнинг малакаси, меҳнат интизоми ва масъулиятига юқори баҳо берди. Шу билан бирга, компания ҳамкорлик кўламини кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Германия томони вакиллари виза расмийлаштиришдаги муаммоларни юмшатиш бўйича таклифларни кўриб чиқишга тайёр эканини маълум қилди.
Учрашув якунида немис тилини ўзлаштирган ўзбекистонлик мутахассислар ҳақидаги маълумотларни Германиядаги иш берувчиларга тақдим этиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
Шунингдек, Германия томони ўзбекистонлик фуқаролар учун виза олиш жараёнида учраётган тизимли муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф этиш бўйича тегишли чораларни кўриб чиқишини билдирди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter