Haaretz: БАА 7 октябр ҳужуми олдидан Нетаньяхуни огоҳлантирган
БАА президенти Муҳаммад бин Зоид Исроил бош вазири Бинямин Нетаняхуни 2023 йил 7 октябр ҳужумидан бир неча кун олдин ҲАМАС йирик операция тайёрлаётгани ҳақида огоҳлантирган. Бу ҳақда Haaretz нашри хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, 2023 йил сентябр охирида Муҳаммад бин Зоид Нетаняху билан тахминан 45 дақиқа телефон орқали мулоқот қилган. Суҳбатда у ҲАМАСнинг ўша пайтдаги Ғазодаги раҳбари Яҳё Синвар катта ҳужумга тайёргарлик кўраётганини айтган.
Haaretz ёзишича, БАА раҳбари бундай ҳужум қон тўкилишига, минтақадаги вазият беқарорлашишига ва «Иброҳим келишувлари»га зарар етказиши мумкинлигини ҳам билдирган.
Нашрга кўра, Нетаняху огоҳлантиришга хотиржам муносабат билдириб, Исроил ҳар қандай сценарийга тайёр эканини айтган. Шу билан бирга, эҳтимолий ҳужум Ғарбий Соҳилдан бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.
Бироқ Нетаняхунинг идораси Haaretz хабарини «мутлақо ёлғон» деб атади. Расмий баёнотда ўша даврда Нетаняху БАА раҳбари билан бундай суҳбат ўтказмагани айтилган.
Журналистлар Шломи Элдар ва Рут Ювалнинг 7 октябр воқеалари ва разведкадаги камчиликларга бағишланган янги китоби маълумотларига асосланган мазкур хабар Исроилда парламент сайловлари арафасида эълон қилинди. Мухолифат етакчилари ушбу маълумотлар юзасидан расмий текширув ўтказишни талаб қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС бошчилигидаги қуролли гуруҳлар Исроилга ҳужум қилиб, тахминан 1200 кишини ўлдирган ва 251 кишини гаровга олган эди. Бу воқеа Ғазодаги кенг кўламли урушга сабаб бўлган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter