Ким Чен Ин: Ядровий мақомимизни тан олса, АҚШ билан муносабатимизни яхшилаймиз
Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин мамлакат хавфсизлигига таҳдид туғилса, Жанубий Кореяни «тўлиқ йўқ қилиш»га тайёр эканини билдирди. Шу билан бирга, у Сеул билан мулоқотни қайта тиклашга умид қолдирмади, аммо Вашингтон билан муносабатлар бўйича шартли равишда эшикни очиқ қолдирди.
Бу баёнот Пхеньянда бўлиб ўтган ҳукмрон Меҳнат партияси қурултойи чоғида янгради.
Ким Чен Ин ўз чиқишида Жанубий Кореяни «энг душман субъект» деб атаб, Пхеньян учун у билан алоқадор ҳеч нарса йўқлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Шимолий Корея Жанубни «ҳамюртлар»и қаторида кўрмайди ва бу позиция доимий шундай бўлиб келмоқда.
Кимнинг таъкидлашича, Жанубий Корея хавфсиз яшашни истаса, Пхеньян билан боғлиқ барча нарсалардан воз кечиб, уни тинч қўйиши керак.
Сўнгги йилларда Ким Сеулга нисбатан риторикани кескинлаштириб, икки Корея ўртасидаги дипломатияни рад этиб келмоқда. Экспертлар фикрича, бу баёнотлар яқин орада ҳарбий тўқнашувлардан дарак бермайди, балки Пхеньяннинг минтақадаги ўрнини ядровий салоҳият орқали мустаҳкамлашга қаратилган.
Шу билан бирга, Ким АҚШ КХДРнинг ядровий давлат сифатидаги мақомини тан олса, муносабатлар яхшиланиши мумкинлигини билдирди.
«Агар Вашингтон мамлакатимиз Конституциясида мустаҳкамланган ҳозирги ядровий мақомимизни ҳурмат қилса ва душманлик сиёсатидан воз кечса, АҚШ билан яхши муносабатда бўлишимизга ҳеч қандай сабаб йўқ», – деди Ким давлат ахборот агентлиги KCNA орқали.
Ким Чен Ин АҚШ билан муносабатлар келажаги «тўлиқ Вашингтон позициясига боғлиқ» эканини айтди.
«Тинч ҳамжиҳатлик ёки доимий қарама-қаршилик – ҳар икки вариантга ҳам тайёрмиз. Танлов биз эмас, АҚШ қўлида», – деди у.
Айни пайтда, АҚШ президенти Дональд Трамп жорий йил охирида Хитойга ташрифи доирасида Ким билан учрашув ўтказиши мумкинлиги ҳақида тахминлар кучайган. Илгари, 2019 йилда Ким ва Трамп ўртасидаги иккинчи саммит муваффақиятсиз якунланганидан сўнг музокаралар тўхтаб қолган эди.
Қурултойда Ким янги қурол тизимларини ишлаб чиқишни тезлаштиришга чақирди. Жумладан, сув ости кемаларидан учириладиган қитъалараро баллистик ракеталар ва Жанубий Кореяга қаратилган қисқа масофали тактик ядровий қуроллар арсеналини кенгайтириш режалари тилга олинди.
Сўнгги вақтларда Пхеньян ташқи сиёсатда Россия билан алоқаларни устувор деб билмоқда. Хабарларга кўра, Шимолий Корея Москвага Украинадаги урушни қўллаб-қувватлаш мақсадида минглаб ҳарбий хизматчилар ва катта миқдорда техника юборган. Бу эвазига Пхеньян ҳарбий технология ва ёрдам олаётгани тахмин қилинмоқда.
Шу билан бирга, экспертлар Украинадаги уруш пасайиши эҳтимоли Шимолий Кореянинг Россия учун стратегик аҳамиятини камайтириши мумкинлигини таъкидламоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter