Уруш ҳолатидаги давлатларга «Евровидение»га мезбонлик қилиш тақиқланди
«Евровидение» мусиқий танлови ташкилотчиси — Европа радиоэшиттиришлар иттифоқи (EBU) халқаро қўшиқ танлови қоидаларига ўзгартиришлар киритилганини маълум қилди.
Энди «Евровидение»да ғолиб чиққан давлат хавфсизлигига ёки унга бевосита туташ ҳудуд хавфсизлигига қуролли можаро ёки мураккаб геосиёсий вазият жиддий таъсир кўрсатса, ушбу давлат кейинги йил танловни ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.
Зарур бўлганда EBU ғолиб мамлакат ҳудудидаги хавфсизлик даражасини мустақил баҳолаши мумкин. Баҳолаш натижаларига кўра, ғолиб мамлакатнинг телерадиокомпанияси танловни хавфсиз ўтказа оладими ёки йўқми, деган масала ҳал қилинади. Агар телерадиокомпания танловни қабул қила олмаслиги аниқланса, EBU муқобил ташкилотчи телерадиокомпанияни белгилайди.
Мазкур амалиёт 2022 йилда «Евровидение»да Украина ғолиб бўлганида ҳам қўлланилган. Россия ва Украина можароси сабабли кейинги йилги танлов Буюк Британияда ўтказилган.
Бундан ташқари, янги қоидаларга кўра, барча иштирокчи санъаткорлар биринчи репетиция кунига қадар 18 ёшга тўлган бўлиши керак. Аввал минимал ёш 16 эди.
Ташкилотчилар ушбу ўзгариш танлов хавфсизлигини кучайтириш ва ёш санъаткорларни «Евровидение»да иштирок этиш билан боғлиқ босимдан ҳимоя қилиш бўйича ишларнинг давоми эканини таъкидлади.
Янги қоидалар 2027 йилдан кучга киради. Шу йилги танлов Болгарияда ўтказилади. Май ойида Швейцариядаги танловда Болгария вакили Дара «Bangaranga» қўшиғи билан ғолибликка эришган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter