Ветнам мўъжизаси Далат: “Фил” қаҳваси, поп-корн ҳидли ҳайвон, Францияни эслатадиган кўчалар...
Ветнамнинг Нячанг шаҳрида бир неча ороллар бор. Ҳар бири менда ўзига яраша таассурот қолдирган, табиати, яшиллиги, об-ҳавоси билан. Далат шаҳарчасига отланганимизда ҳам, олган маълумотларимга кўра, саёҳатим ҳар доимгидек ўзгачароқ бўлади, деб ўйлагандим. Аммо бу галги таассуротларим ўша “ўзгача” деган қолипга ҳам сиғмади.
Ветнам деганда кўз олдимизга иссиқ, нам ҳаво, мотороллерлар шовқини келса, Далат шаҳарчаси бу тасаввурга мулойим табассум билан қарши туради. Шаҳар номи, эҳтимол, маҳаллий лати қабиласи билан боғлиқдир, шунинг учун “Лат қабиласининг дарёси” деган маънони англатар. Бу номнинг ўзиёқ Далат табиат билан қанчалик уйғун эканини айтиб турибди.
Далат табиати Ветнамнинг одатий манзараларидан кескин фарқ қилади. Бу ерда тоғлар, қарағай ўрмонлари ва салқин ҳаво бор. Гўё Осиё билан Европанинг орасида қолиб кетгандек шаҳарни тасаввур қиласиз.
Биз бу ерга тонгда етиб келганимиз учун қизиқ манзарани кўрдик: туман тепаликлар устига ётиб олган, шаршаралар яшиллик орасига беркиниб ётганди.

Далат Ветнамнинг марказий баланд тоғлик қисмида жойлашган. Денгиз сатҳидан тахминан 1500 метр баландликда. Шунинг учун бу ерда ҳаво бошқача юмшоқ, баъзан эса туманли. Ҳатто июлда ҳам иссқироқ кийим керак бўлади. Ветнамдая... Ҳа, бу ерда ҳаёт қоидалари бир оз бошқача. Яна Далатда сукут бор. Катта шаҳарларга хос асабийлик йўқ. Одамлар шошилмайди, кўчалар мотороллер овозидан эмас, шамол ва қушлар товушига тўлиб туради.

Далат шунчаки томоша қилиш учун эмас, қалбдан ҳис қилиш учун мўлжалланган шаҳар. У баланд овоз билан таассурот қолдирмайди, лекин инсонни ичи-ичидан ўзгартиради. Шунинг учун бу шаҳарни эслаб қолиш осон, унутмоқ эса қийин.
Французлар қолдириб кетган хотира
Далатни XX аср бошларида француз мустамлакачилари курорт сифатида ривожлантирган. 1887 йилда француз шифокори ва тадқиқотчиси Александр Йерсен бу ҳудуднинг тоза, салқин ҳавосига эътибор қаратган ва айнан шу ерда курорт қуриш ғоясини илгари сурган. Шу сабаб шаҳарда Европа услубидаги виллалар, черковлар, кенг боғлар кўп. Айрим кўчалардан ўтсангиз, бир зумга Париж атрофидаги кичик шаҳарчада юргандек бўласиз.

Маҳаллий рельефи тепаликлар, водийлар, кўллар, шаршаралардан ташкил топган. Бизга йўлбошловчининг айтишича, бу ерга француз сайёҳлар кўпроқ ташриф буюришаркан, нега, сабаби улар бу ерда яшаб ўтган ота-боболари ҳақидаги хотираларни эшитишни яхши кўришаркан.
Гуллар шаҳри
Далатни “Гуллар шаҳри” деб аташади. Бу тасодиф эмас. Бу ерда атиргуллар, лола, хризантема, орхидея — нимани истасангиз, шу ўсади. Иссиқхона хўжалиги жуда ривожланган. Ветнамнинг ярим гуллари шу ерда етиштирилади десак, хато бўлмайди. Ҳатто Далатда гуллар фестивали ўтказилади, шаҳар ўша кунлари чиройли рангу турли ифорлардан “чарчаб” кетади. Шаҳар иқтисодиёти қишлоқ хўжалиги ва туризмга таянади.

Севишганлар шаҳри
Далатни “севишганлар шаҳри” ҳам дейишади. Балки туманли кечалари, балки кўл бўйидаги сокин сайрлар сабаб. Бу ерга янги турмуш қурганлар, ижодкорлар, ёлғизликда ўй суришни истаганлар кўп келади.
Осмонга осилиб турган йўл
Далат атрофидаги энг кўп муҳокама қилинадиган жойлардан бири бу шиша кўприк. У яшил водий устида муаллақ осилиб тургандай туюлади. Оёқ остида мутлақ шаффофлик, атрофда эса тоғлар, қарағайзорлар ва тушга яқин кўтариладиган туман.

Кўприк, албатта, туристлар юриб ўтиши учун қурилган. Лекин у сизга яна бир нарсани беради: табиатга юқоридан, ҳеч қандай панжарасиз, ортиқча безакларсиз қараш имкони. Илк қадамлар ҳар доим таранглик билан бошланади, мия “қўрқинчли, бўлмайди” дейди, оёқ эса барибир олға юради. Бироздан кейин қўрқув ўрнини қизиқиш, сўнг эса енгиллик ва эркинлик ҳисси эгаллайди. Қисқаси, бу кўприк одамнинг ўзи билан қилган кичик музокараси.
Сукути билан ҳайратга соладиган Будда
Далатда шундай жой борки, у ерда шаҳар шовқини тўсатдан узилиб қолади. Бу машҳур Ван Хан ибодатхонаси. У ерда баландлиги 24 метр бўлган, қўлида лотус гули тутиб турган улкан Олтин Будда (Шакьямуни) ҳайкали бор. Бу ҳайкал Далатнинг ўзига хос рамзларидан бири ҳисобланади.

Ибодатхонага 1952 йилда асос солинган. У ўзининг анъанавий шарқона меъморчилиги, аждаҳо ҳайкаллари ва чиройли боғлари билан ажралиб туради. Ибодатхонанинг ўнг томонида қадимий ашёлар, тошлар ва кварцдан ишланган расмлар кўргазмаси жойлашган кичик музей бор.
Ибодатхона тепаликда жойлашган, у ердан Далат шаҳрининг ва атрофдаги фермер хўжаликларининг чиройли манзараси томоша қилишингиз мумкин.

Бу жой муқаддас ҳисоблангани учун тиззалар ва елкаларни ёпиб турувчи кийимда бўлиш талаб этилади. Ибодатхона ичига киришда пойафзал ечилади.
Лойдан яратилган шаҳар
Лой қишлоғи Далатдаги энг ғайриоддий очиқ осмон ости музейларидан бири. Бу ерда шаҳар тарихи сўз билан эмас, лойдан қилинган шакллар орқали айтилади. Уйлар, кўчалар, одамлар қиёфаси ҳаммаси лойдан. Гўё вақт шу ерда тўхтаб қолгандек.
Мажмуанинг энг машҳур қисми “Муҳаббат чеҳралари” деб номланган эркак ва аёлнинг бир бирига қараган улкан юзлари, орасидан эса одамлар ўтиб, ич-ичидан нимадир ниятини айтиб ўтади.
Бу инсталляция нафақат кўлами, балки яқинлик, ишонч ва инсонлар орасидаги боғлиқлик рамзи сифатида ҳам диққатни тортади.

Лой қишлоғи шовқинли таассурот эмас, балки секин юриб, майда деталларга эътибор қаратишингизни истайдиган маскан.
Далатда яна бир уйлар бор улар инглизчасига «crazy house» дейилади:

Қаҳва... таъмдан кўра ҳикоя кўпроқ
Далат атрофи қаҳва плантациялари билан машҳур. Бу ерда тайёрланадиган арабика қаҳваси Ветнамнинг энг сифатли қаҳвалари қаторида. Далатнинг яна бир “фахри” қулупнай ҳақида айтиб ўтсам: қулупнайли ширинликлар, мураббо, ҳатто қулупнайли қаҳва ҳам бор. Ҳа, ҳа, биз уни синаб кўрдик.
Ветнамда лювак қаҳвасини сизга экзотика сифатида таклиф қилишади, Далатда эса у ҳақда айтиб беришни жуда ёқтирадилар. Уни мусанг деб аталадиган жонивор “танлаб” ейди: энг пишган қаҳва мевалари, табиий ферментация, кейин қайта ишлаш. Ҳидида шоколад, ёнғоқ, енгил карамель сезилади, аччиқлик деярли йўқ. Лекин ростини айтиш керак: туристик плантацияларда лювак деб кўпроқ афсона сотилади, ноёблик эмас.
Ана фил қаҳваси эса бошқа гап. Бу жуда кам учрайдиган, қиммат ва секин ичиладиган қаҳва. Доналар фил организмида ферментациядан ўтади. Ҳиди ернинг ҳидини беради, чуқур, какао ва қуритилган меваларни эслатади.

Ҳикоямни охирлаб қолди деб ўйлашга шошилманг. Далатда попкорн ҳидли айиқча-мушукни учратиб қолганимни айтиш эсдан чиқиб қолай дебди.
Поп-корн ҳидли ҳайвон...
Бу шаҳар мени мана шу “мўъжиза” билан ҳам шокка туширди! Кўз олдингизга келтиринг: кўринишидан кичкина қора айиқ полвон, юзи худди меҳрибон мушук, лекин ўзидан худди кинотеатрда ўтирганингиздек янги пишган попкорн (маккажўхори бодроқчалари) ҳиди келади! Бу жонзотнинг исми Бинтуронг. Энг қизиқларини айтайми, унинг “бешинчи қўл”и бор, яъни думи шунчалик кучлики, бемалол дарахтда осилиб, мева ейиши мумкин. Худди “Маугли” киносидаги ҳайвонлардек!
У “парфюмер” ҳайвон, ишонасизми, унга яқинлашсангиз, димоғингизга иссиққина ёрилган маккажўхори доначаларининг ҳиди урилади. Табиат қандай қилиб бундай “ифор” яратганига ҳалигача ақлим бовар қилмаяпти! Хулқига келсак, жуда вазмин, уйқучи ва ниҳоятда ювош. Уни мева билан меҳмон қилсангиз, сиз билан “дўст” бўлиб қолади.

Мабода йўлингиз тушиб Далатдаги Puppy Farm ёки An Phu фермаларига борсангиз, албатта шу “мушук-айиқ”ни излаб топинг. Уни нафақат кўриш, балки “ҳидлаш” учун ҳам бориш керак.
Саёҳат кундалигимга ёздим: “Ветнам, сен одамларни ҳайратлантиришдан тўхтамайсан-а!”
Ситорабону Ҳотамова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter