Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва виждон эркинлигининг ҳуқуқий-институционал тараққиёти
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги мамлакат тараққиётининг энг муҳим натижаларини сарҳисоб қилиш, хусусан, инсон ҳуқуқлари, виждон эркинлиги ва диний бағрикенглик соҳасида босиб ўтилган йўлни илмий-таҳлилий нуқтаи назардан баҳолаш учун муҳим тарихий сана ҳисобланади.
Мустақиллик Ўзбекистонга миллий давлатчиликни тиклаш билан бирга, жамиятнинг маънавий ва диний ҳаётини мустақил ҳуқуқий асосларда ташкил этиш имконини берди. Шу жараёнда фуқароларнинг динга эътиқод қилиш ёки қилмаслик ҳуқуқини кафолатлаш, турли конфессиялар ўртасида тенглик ва тотувликни сақлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2016 йилдан кейин диний соҳадаги сиёсат янги босқичга кўтарилди. Унда виждон эркинлигини инсоннинг фундаментал ҳуқуқи сифатида таъминлаш, диний ташкилотлар фаолияти учун ҳуқуқий тартибларни енгиллаштириш, диний-маърифий тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда халқаро ташкилотлар билан очиқ мулоқотни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Виждон эркинлиги — конституциявий ҳуқуқ
Виждон эркинлиги инсоннинг муайян динга эътиқод қилиш, эътиқодини ўзгартириш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини англатади. Бу ҳуқуқ Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 18-моддасида ҳам фундаментал инсон ҳуқуқларидан бири сифатида эътироф этилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида ҳам ҳар ким учун виждон эркинлиги кафолатланган. Ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.
2023 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистоннинг дунёвий давлат экани алоҳида мустаҳкамланди. Бу принцип динни инкор этишни эмас, давлатнинг барча диний конфессияларга нисбатан ҳуқуқий бетарафлигини англатади.
2025 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси”да ҳам дунёвий давлат шароитида диний эътиқодлар ҳурмат қилиниши ва фуқаролар учун тенг ҳуқуқий муҳит яратилиши белгиланди.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистондаги дунёвийлик модели динни жамиятдан четлатишга эмас, турли эътиқод ва дунёқарашларнинг қонун олдида тенглигини таъминлашга қаратилган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабриданоқ миллатлараро тотувлик, виждон ва эътиқод эркинлиги ҳамда диний бағрикенглик муҳитини асрашни давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилади.
2017 йилда БМТнинг дин ёки эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф доирасида виждон эркинлиги, диний ташкилотлар ҳуқуқлари ва қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
2018 йилда Ўзбекистон парламенти БМТ махсус маърузачисининг тавсияларини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилди. Бу давлатнинг диний соҳадаги масалаларни халқаро экспертлар билан очиқ муҳокама қилишга ўтганини кўрсатувчи муҳим қадам эди.
Мазкур жараён диний соҳадаги сиёсатни фақат хавфсизлик масаласи сифатида эмас, инсон ҳуқуқлари, маърифат ва ижтимоий барқарорлик билан боғлиқ ҳолда кўриб чиқиш тенденциясини кучайтирди.
Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги муҳим ташаббусларидан бири Президент Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан илгари сурилган “Маърифат ва диний бағрикенглик” ғоясидир.
2018 йилда БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси асосида A/RES/73/128-сонли “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини қабул қилди.
Ушбу ҳужжатнинг асосий ғояси диний тоқатсизлик, экстремизм ва радикаллашувга қарши курашда фақат маъмурий ёки жазоловчи чораларга эмас, балки таълим, илм-фан ва маърифатга таяниш зарурлигидан иборат.
Бу ёндашув Ўзбекистоннинг “жаҳолатга қарши — маърифат” тамойили билан уйғун бўлиб, радикал ғояларга қарши интеллектуал ва маънавий иммунитетни кучайтиришга хизмат қилади.
Кейинги йилларда диний меросни илмий асосда ўрганишга ҳам катта эътибор берилди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказларининг ташкил этилиши ана шу сиёсатнинг амалий ифодасидир.
Бу муассасаларнинг вазифаси фақат тарихий меросни тарғиб қилиш эмас. Улар ислом цивилизациясининг илмий ва инсонпарварлик анъаналарини ўрганиш, диний манбаларни холис тадқиқ этиш ҳамда мутаассиб ва бузғунчи талқинларни илмий асосда рад этишга хизмат қилади.
Шу маънода, диний саводхонликни ошириш экстремизм профилактикасининг муҳим воситаларидан бири сифатида қаралмоқда.
2021 йил 5 июлда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди.
Қонунда диний ташкилотларни ташкил этиш ва рўйхатдан ўтказиш бўйича бир қатор талаблар енгиллаштирилди. Хусусан, аввал маҳаллий диний ташкилот тузиш учун камида 100 нафар ташаббускор талаб қилинган бўлса, янги қонун билан бу миқдор 50 нафарга туширилди.
Шунингдек, диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этиш ва электрон гувоҳнома олиш механизмлари жорий қилинди.
Бу ўзгаришлар диний ташкилотлар учун маъмурий тартибларни соддалаштириш ва соҳада ҳуқуқий аниқликни кучайтиришга қаратилди.
Шу билан бирга, халқаро экспертлар диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш, диний материаллар ва айрим диний фаолият турларига оид қонунчиликни янада такомиллаштириш масалаларини ҳам кўтариб келмоқда. Демак, мазкур соҳадаги ислоҳотлар тугалланган жараён эмас, балки босқичма-босқич ривожланаётган ҳуқуқий эволюциядир.
Сўнгги йилларда диний экстремистик муҳит таъсирига тушиб қолган шахсларга нисбатан муносабатда ҳам гуманистик ёндашув кучайди.
2019–2021 йилларда амалга оширилган “Меҳр” операциялари орқали 531 нафар Ўзбекистон фуқароси Яқин Шарқдаги можароли ҳудудлардан Ватанга қайтарилди.
Уларни жамиятга қайта мослаштириш, таълим, тиббий, ижтимоий ва психологик ёрдам билан таъминлаш бўйича чоралар кўрилди.
Бу ёндашув давлат сиёсатининг жазолашдан ташқари реабилитация ва ижтимоий реинтеграция усулларидан ҳам фойдаланаётганини кўрсатади.
2025 йил 25 февралда диний соҳадаги давлат сиёсати Концепциясининг қонун билан тасдиқланиши ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди.
Концепцияда қонунийлик, виждон эркинлиги, диннинг давлатдан ажратилганлиги, тенглик, эркин танлов, динлараро мулоқот ва ўзаро тушуниш давлат сиёсатининг асосий принциплари сифатида белгиланди.
2025 йил 21 апрелда қабул қилинган Президент фармони билан диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, диний-маърифий таълим ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш бўйича янги вазифалар белгиланди.
“Бағрикенг жамият — барқарор давлат” тамойили асосида давлат органлари, маҳалла, ёшлар ва оила институтлари ўртасида ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган механизмлар жорий этилди.
Бу сиёсат диний тоқатсизлик ва радикаллашув каби муаммоларни фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар воситасида эмас, балки маърифат, оила, таълим ва маҳалла орқали барвақт профилактика қилишга қаратилган.
Ўзбекистон тарихан турли дин, миллат ва маданиятлар бирга яшаб келган ҳудуд ҳисобланади.
Ҳозир мамлакатда 16 та диний конфессияга мансуб 2 200 дан ортиқ диний ташкилот фаолият юритмоқда. Бу кўп конфессияли жамиятда турли диний жамоаларнинг қонуний фаолият юритиши учун институционал шароит мавжудлигини кўрсатади.
Конфессиялар ишлари бўйича кенгашнинг фаолияти ҳам турли диний жамоалар ўртасида мулоқот, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат муҳитини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Бағрикенгликни фақат турли дин вакилларининг ёнма-ён яшаши деб тушуниш етарли эмас. У ҳуқуқий тенглик, ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг эътиқодига аралашмаслик тамойилларига асосланган ижтимоий маданиятдир.
Ўзбекистоннинг диний эркинлик соҳасидаги ислоҳотлари халқаро баҳоларда ҳам акс этди.
АҚШ Давлат департаменти 2020 йилда Ўзбекистонни диний эркинлик бўйича махсус кузатув рўйхатидан чиқарди. Бу қарор мамлакатдаги “сезиларли ва аниқ тараққиёт” билан изоҳланган эди.
Ўзбекистон 2006–2017 йилларда диний эркинлик масаласида “алоҳида хавотир уйғотувчи давлатлар” қаторида бўлган, 2018 йилда бу тоифадан чиқарилиб, махсус кузатув рўйхатига ўтказилган ва 2020 йил охирида ушбу рўйхатдан ҳам чиқарилган.
Бу динамика 2017 йилдан кейин соҳада амалга оширилган ислоҳотлар халқаро даражада ҳам эътироф этилганини кўрсатади.
Шавкат Мирзиёев давридаги ислоҳотларнинг асосий хусусиятлари
2016 йилдан кейинги жараёнларни умумлаштирганда бир нечта муҳим йўналиш кўзга ташланади.
Биринчидан, виждон эркинлиги масаласида инсон ҳуқуқлари тамойили устуворлашди.
Иккинчидан, БМТ ва бошқа халқаро институтлар билан очиқ мулоқот ва ҳамкорлик кенгайди.
Учинчидан, диний ташкилотларнинг қонуний фаолияти учун маъмурий тартиблар енгиллаштирилди.
Тўртинчидан, диний меросни ўрганиш ва радикализмга қарши маърифат билан курашишга хизмат қилувчи илмий муассасалар тизими ривожлантирилди.
Бешинчидан, “Меҳр” операциялари ва афв механизмлари орқали реабилитация ва инсонпарварлик ёндашуви кучайтирилди.
Олтинчидан, 2023–2025 йилларда ушбу ислоҳотлар Конституция ва махсус Концепция даражасида мустаҳкамланди.
Шу жиҳатдан Шавкат Мирзиёев давридаги сиёсатни алоҳида чора-тадбирлар эмас, диний соҳадаги давлат сиёсатини тизимли равишда янгилаш жараёни сифатида баҳолаш мумкин.
Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги мамлакатнинг нафақат сиёсий ва иқтисодий, балки ҳуқуқий-маънавий тараққиётини ҳам баҳолаш учун муҳим тарихий маррадир.
Мустақиллик йилларида виждон эркинлигининг ҳуқуқий асослари шакллантирилди. Сўнгги йилларда эса диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш сиёсати янги мазмун касб этди.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида халқаро мулоқотнинг очилиши, “Маърифат ва диний бағрикенглик” ташаббусининг БМТ даражасига кўтарилиши, диний ташкилотлар учун ҳуқуқий талабларнинг енгиллаштирилиши, диний-маърифий илм-фаннинг ривожлантирилиши, “Меҳр” операциялари, янги Конституцияда дунёвий давлат принципининг мустаҳкамланиши ҳамда 2025 йилги Концепция қабул қилиниши ўзаро боғлиқ ислоҳотлар тизимини ташкил этади.
Бироқ виждон эркинлиги соҳасидаги тараққиётни якунланган жараён деб бўлмайди. Қонунчиликни мунтазам такомиллаштириш, ҳуқуқий нормаларнинг барча ҳудудларда бир хил қўлланишини таъминлаш, диний саводхонликни ошириш ва конфессиялараро мулоқотни янада кучайтириш келгуси даврнинг муҳим вазифалари бўлиб қолади.
Зеро, диний бағрикенглик — бошқаларнинг эътиқодига шунчаки тоқат қилиш эмас, балки ҳар бир инсоннинг ўз дунёқараши ва эътиқодини эркин танлаш ҳуқуқини тан олиш маданиятидир.
Мустақилликнинг 35 йиллик тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, барқарор жамиятнинг энг мустаҳкам пойдевори — қонун устуворлиги, инсон қадри, маърифат, ўзаро ҳурмат ва виждон эркинлигидир.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter