Энди маҳаллий компаниялар ҳам капитал бозордаги «Тартибга солиш қумдони»га киролади
Адлия вазирлиги томонидан капитал бозорида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимига оид низомга ўзгартишлар киритилди. Унга кўра, эндиликда мазкур режимда нафақат хорижий иштирокчилар, балки Ўзбекистон резидентлари ҳам қатнашиши мумкин.
Янги тартибга мувофиқ, тан олинган хорижий юрисдикциядаги норезидент юридик шахслар билан бир қаторда маҳаллий компаниялар учун ҳам инновацион молиявий лойиҳаларни синовдан ўтказиш имконияти яратилади. Махсус ҳуқуқий режимнинг амал қилиш муддати чекланмагани қайд этилди.
Низомга кўра, илгари капитал бозори соҳасида қонунбузарлик содир этган субъектлар учун чекловлар сақлаб қолинган. Ваколатли органнинг «асослантирилган мулоҳазаси» бундай иштирокчиларни рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун асос бўлади.
Шунингдек, иштирокчилар икки ой давомида ҳисобот тақдим этмаса ёки белгиланган талабларни бузса, уларнинг мақоми бекор қилиниши мумкин. «Асослантирилган мулоҳаза» тушунчаси ҳам алоҳида таъкидланиб, у ваколатли орган томонидан масаланинг мазмунига асосланган профессионал баҳолаш сифатида белгиланди.
Шу билан бирга, қатъий талаблар ва назорат механизмлари орқали тизимнинг барқарорлиги сақланиши кўзда тутилган. Бу эса инвесторлар ишончини оширишга хизмат қилиши мумкин.
Маълумот учун, «Тартибга солиш қумдони» ҳуқуқий режими — бу инвестиция ва молиявий бозорда янги маҳсулотлар ва технологияларни вақтинча енгиллаштирилган қоидалар асосида синовдан ўтказиш учун яратилган махсус муҳит ҳисобланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter