Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухорода ўзбошимча қурилаётган иморат «снос»га учради

Бухорода ўзбошимча қурилаётган иморат «снос»га учради

foto: chatgpt

Когон туманидаги «Туткунда» МФЙ ҳудудида жойлашган намунали уй-жойларда яшовчи аҳолининг норозилиги сабаб Кадастр агентлиги Когон тумани бўлими ўзбошимча қурилаётган иморат «снос»и юзасидан Бухоро вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига даъво аризаси киритишига тўғри келди. Суд ҳал қилув қарори Бухоро вилояти Мажбурий ижро бюросига тақдим этилди. Бошқарманинг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта инспектори Ихтиёр Олимовнинг «Xabar.uz»га билдиришича, ўзбошимчалик билан қурилаётган иморатнинг айвон ва бетон пойдевори мавжудлиги аниқланган.

«Биз, яшаш ҳудудимиздаги икки иморатни бирлаштирган ҳолда улар ўртасида қўшимча иморат барпо этилаётганидан ҳайратга қолдик. Умуман, шаҳарсозлик меъёрларига ҳам тўғри келмайдиган, етмаганига, ўртада дарвоза ҳам ўрнатилаётганидан ҳафсаламиз пир бўлди. Бу ҳақда аввалига фуқаро Ж.Ҳ.нинг ўзига билдирдирдик. У эса, биз, кўп сонли аҳолининг норозилигига, ҳатто, эътибор ҳам қилмади. Кейин масъул ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур бўлдик», — дейди аҳоли вакиллари.

Маълум бўлишича, Бухоро шаҳрида яшовчи фуқаро Ж.Ҳ. Когон туманида «Туткунда» МФЙ ҳудудидаги икки иморатнинг оралиғи бўлган 70,0 квадрат метр йўлакда айвон ва бетон пойдевор тиклаб, устидан қўшимча иморат қуришни кўзлаган.

Аҳолининг эса одамлар ва автомобиль қатнови йўлагининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинаётгани ҳақидаги норозилиги асосли, деб топилган ва қуриб битказилмаган ноқонуний иморат бузиб ташланган.

«Ҳар қандай қурилиш ишлари анчагина харажат талаб қилади, оила бюджетига эса сезиларли даражада таъсир кўрсатади. Ачинарлиси, фуқаро Ҳ.Ж. фуқаролар норозилиги ва ўз вақтида огоҳлантиришига қарамай, «ўзига хон, ўзига бек»ликда давом этган. Бундай ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний қурилмалар, албатта, суд қарорларига асосан, Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан бартараф этилади» — дейди Ихтиёр Олимов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг