Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Одил судлов – 2030» стратегияси тасдиқланди: нималар ўзгаради?

«Одил судлов – 2030» стратегияси тасдиқланди: нималар ўзгаради?

Президентнинг ПФ–160-сон, 14 августдаги фармони билан «Одил судлов – 2030» стратегияси тасдиқланди. Ҳужжат Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қиладиган халқчил ва адолатли суд тизимини шакллантиришга қаратилган.

Стратегия «Судлар — халқчил ва адолатли одил судлов қўрғони ва Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқат устуни» шиори асосида ишлаб чиқилган. Ислоҳотлар судлар фаолиятининг очиқлиги, инсон ҳуқуқлари устуворлиги, суд қарорлари сифати ва судьялар корпусини такомиллаштиришга йўналтирилади.

Фармонга кўра, 2027 йил 1 июлдан умумюрисдикция ва маъмурий суд йўналишларида ишларни қайта кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган ҳудудлараро судлар ташкил этилади. Уларнинг юрисдикция ҳудуди бир нечта маъмурий-ҳудудий бирликларни қамраб олади.

2027 йил 1 июлдан тергов судьясига процессуал мажбурлов чораларини қўллаш бўйича илтимосномаларни кўриб чиқишда қўшимча ваколатлар берилади.

У шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилигини, гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун асослар етарлилигини текширади. Шубҳа туғилган ҳолларда тергов сирини таъминлаган ҳолда қўшимча ҳужжатлар талаб қилиши мумкин.

2027 йил 1 августдан Олий суд Раёсати томонидан ягона суд амалиётини шакллантирувчи қарорларни очиқ эълон қилиш ва янгилаб боришга қаратилган «Прецедентлар» реестри жорий этилади.

Стратегияда ислоҳотларни амалга оширишнинг 6 та устуни белгиланган: «Халқчил суд», «Адолат қўрғони», «Кафолатланган адолат», «Адолат посбонлари», «Рақамли одил судлов» ва «Халқаро эътироф».

Бундан ташқари, 2027 йил якунига қадар Олий суднинг интерактив хизматлар портали — «my.sud.uz»нинг янгиланган мобил иловаси ишга туширилади. Порталда «Судга мурожаат намуналари» интерактив хизмати ҳам такомиллаштирилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг