Рақобат қўмитаси тезкор «арбитраж» тизимини яратишни таклиф қилмоқда
Электрон тижоратда шикоятлар сони ортиб бормоқда. Рақобат қўмитаси вазиятни таҳлил қилиб, низоларни тезкор ҳал этиш учун янги механизмни таклиф қилди.
Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт ривожи билан электрон тижорат жадал кенгайиб, онлайн харидлар аҳоли ҳаётининг муҳим қисмига айланди. Шу билан бирга, истеъмолчилар ва тадбиркорлар ўртасидаги муносабатларда турли низолар ҳам кўпаймоқда.
Маълум қилинишича, 2026 йил биринчи чораги якунига кўра, электрон тижорат платформалари бўйича 111 та субъектга нисбатан жами 1 657 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг асосий қисми товар сифати — 602 та ҳолат (36,3 фоиз), тўлов муносабатлари — 278 та (16,8 фоиз) ва етказиб бериш жараёнлари — 188 та (11,3 фоиз) билан боғлиқ.
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида 983 та ёки 60 фоизи ижобий ҳал этилган. Шунингдек, истеъмолчилар фойдасига 350 млн сўмга яқин маҳсулотлар алмаштирилган ёки қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Таҳлилларга кўра, шикоятларнинг катта қисми бозор етакчилари ҳиссасига тўғри келмоқда. Хусусан, Uzum Market бўйича 490 та мурожаат қайд этилган бўлиб, асосий муаммолар товар сифати ва етказиб бериш билан боғлиқ. Uzum Nasiya бўйича 391 та, Alif хизматлари бўйича 52 та мурожаат молиявий ҳисоб-китоблар ва қарздорлик масалалари билан боғлиқ экани аниқланган.
Ижтимоий тармоқларда расмий мурожаатлар камроқ бўлса-да, бу сегментда фирибгарлик ва қайтариб бўлмайдиган тўловлар хавфи юқори экани қайд этилмоқда. Айниқса, товарнинг тавсифга мос келмаслиги, тўлов шаффофлиги ва логистикадаги узилишлар асосий муаммо бўлиб қолмоқда.
Рақобат қўмитаси ушбу муаммоларни бартараф этиш учун халқаро тажрибаларга таянилган қатор ечимларни таклиф қилди. Жумладан, харидор товарни тасдиқламагунча маблағни ушлаб турувчи «escrow» тўлов тизимини жорий этиш муҳим деб баҳоланмоқда.
Шунингдек, платформаларда автоматлаштирилган низоларни ҳал қилиш — тезкор «арбитраж» тизимини яратиш, ҳамда сотувчилар рейтинги ва жавобгарлигини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter