Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

2026 йилда Фарғонада иқтисодий ўсиш 9 фоиздан ошади

2026 йилда Фарғонада иқтисодий ўсиш 9 фоиздан ошади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда 2026 йил учун аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Унга кўра, вилоят иқтисодиётини 9,1 фоизга, саноатни 9 фоизга ошириш талаб этилмоқда. Шунингдек, 4,5 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш ва экспорт ҳажмини 2 баробарга ошириб, 2 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Давлат раҳбари таъкидлашича, бу кўрсаткичлар Фарғона вилоятининг мавжуд салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда белгиланган. «Фарғона аҳли биздан янада катта натижа кутяпти», — деди Президент.

Сўнгги йилларда вилоятда қишлоқ хўжалиги соҳасида салмоқли ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, 15 минг гектар саноатлашган боғ ва токзорлар барпо этилди, яна 6 минг гектар майдон янгиланди.

Мутахассис боғбонлар томонидан ҳар гектардан 500 миллион сўмгача даромад олинаётгани қайд этилди. Бу эса аграр соҳада самарадорлик сезиларли даражада ошганини кўрсатади.

Мева-сабзавот экспорти 3 баробарга кўпайиб, 400 миллион долларга етди. Бу республика бўйича энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.

Фарғона вилоятида туризм соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда. Хусусан, Фарғона, Сўх, Қува туманлари, шунингдек, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида туристик инфратузилма кенгаймоқда.

Сўнгги тўққиз йилда 3 минг ўринли меҳмонхоналар ва меҳмон уйлари ишга туширилди. Ўтган йилда хорижий сайёҳлар сони илк бор 500 мингдан ошган бўлса, маҳаллий туристлар 3 миллиондан зиёдни ташкил этди. Туризм экспорти 185 миллион долларга етгани вилоятнинг бу соҳадаги салоҳияти юқори эканини кўрсатади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг