Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон иқтисодий эркинлик индексида юқорилади

Ўзбекистон иқтисодий эркинлик индексида юқорилади

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказига кўра, «The Heritage Foundation» ҳамда «The Wall Street Journal» томонидан тайёрланган 2026 йилги Иқтисодий эркинлик индексида Ўзбекистон 184 давлат орасида 86-ўринни эгаллади. Мамлакат 60,3 балл тўплаб, ўтган йилга нисбатан 2,3 баллга ўсиш қайд этди.

Бу натижа Ўзбекистонни «асосан эркин иқтисодиёт» тоифасига киритди. Шунингдек, мамлакат жаҳон ўртача кўрсаткичидан (59,9 балл) ва Осиё-Тинч океани минтақаси ўртачасидан (58,6 балл) юқори натижа кўрсатди.

Рейтинг етакчилари сифатида Сингапур, Швейцария, Ирландия ва Австралия қайд этилди. Улар 80 баллдан юқори натижа билан «эркин иқтисодиётлар» қаторига киритилган.

Таҳлилларга кўра, Ўзбекистон 12 та йўналишдан 8 тасида кўрсаткичларини яхшилаган. Икки йўналишда ўзгариш бўлмаган, яна иккисида эса озгина пасайиш кузатилган.

Давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки бўйича кўрсаткичлар нисбатан юқори. Хусусан, солиқ юки 95 балл, давлат харажатлари 73,7 балл, давлат молияси барқарорлиги эса 79,9 баллни ташкил этди.

Бозорлар очиқлиги йўналишида ҳам ижобий динамика сақланди. Савдо эркинлиги 80,6 балл, инвестиция эркинлиги 70 балл, молиявий эркинлик 60 баллни ташкил қилди. Тартибга солиш самарадорлигида эса бизнес юритиш эркинлиги 62,5 балл, меҳнат бозори эркинлиги 48,4 балл даражасида қолмоқда.

Шунингдек, қонун устуворлиги йўналишида жиддий камчиликлар сақланиб қолмоқда. Мулк ҳуқуқи ҳимояси 43,1 балл, давлат бошқаруви сифати 32 балл, суд тизими самарадорлиги эса атиги 13,7 баллни ташкил этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг