Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари 9,3 млрд долларга етди

Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари 9,3 млрд долларга етди

Фото: Xabar.uz

2026 йилнинг январ-июн ойларида хориждан Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 9,3 млрд долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга ёки 1,1 млрд долларга кўп. Бу ҳақда Марказий банкнинг шарҳида маълум қилинди.

Пул ўтказмалари ҳажмининг ошишига меҳнат муҳожирлари фаолият юритадиган анъанавий мамлакатларда ишчи кучига талаб ва иш ҳақларининг нисбатан юқори даражада сақланиб қолаётгани, шунингдек, миллий валюталар курсининг йил бошига нисбатан умумий мустаҳкамланиши таъсир кўрсатган.

Хусусан, Буюк Британиядан Ўзбекистонга юборилган маблағлар 62 фоизга, Европа Иттифоқи мамлакатларидан 27 фоизга, АҚШдан эса 19 фоизга ошган. Европа Иттифоқи давлатлари орасида Ирландиядан ўтказмалар 86 фоиз, Литвадан 18 фоиз ва Нидерландиядан 7 фоизга кўпайган.

Ҳисобот даврида жисмоний шахсларга келиб тушган маблағларнинг:

  • 4,3 млрд доллари — анъанавий халқаро пул ўтказма тизимлари орқали;
  • 4,8 млрд доллари — хориждан банк карталарига тўғридан-тўғри P2P ўтказмалар орқали;
  • 142 млн доллари — SWIFT банк ўтказмалари орқали амалга оширилган.

Шу тариқа, P2P ўтказмалари жами пул тушумларининг 51,7 фоизини ташкил этган. Ушбу турдаги ўтказмалар ҳажми бир йил ичида 32 фоизга ошган. Бу рақамли тўлов хизматларининг оммалашуви, маблағларнинг тезкор етиб бориши ва транзакция харажатларининг нисбатан пастлиги билан изоҳланади.

Шу билан бирга, 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистондан хорижга юборилган пул ўтказмалари ҳам 8 фоизга ёки 100 миллион долларга ошиб, 1,3 млрд долларни ташкил этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг