«Ака, сизни сўнгги йўлга кузатолмадим»
У ҳали ёш эди – эндигина 54 баҳорни қаршилаганди. Шунга яраша орзулари ҳам бисёр эди. Аввало, катта қизининг фарзанди, яъни неварасининг тўйини кўриш, кичик қизларини ҳам узатиш, ёлғиз ўғлини университетни битирганидан сўнг уйлантириш илинжида яшарди. Иккинчидан, одатдагидек, элга манзур бўладиган кўрсатувлар тайёрлаш, янги-янги бадиий ва видеофильмлар яратиш, уларда ўзига хос роллар ўйнашга интиларди. Иш ва ижоддан бўш вақтларида эса тўй-томошаларга бориб, ўзининг ичакузди ҳангомалари-ю, театрлаштирилган томошалари билан давраларга файз киритарди. Гоҳ чилдирма ёки тор чалиб, гоҳ қўшиқ ёки шеър айтиб, шинавандалар қувончига қувонч қўшарди...
Энг муҳими, у қачон, қайда бўлмасин, қандай кўрсатув тайёрлаб, қандай роль ижро этмасин, мудом бир ақидага амал қиларди. Одамларни ҳамиша бир-бирини асраб-авайлашга, ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга ундарди.

Бу бежиз эмасди, албатта. Унинг болалиги анча машаққатли кечган, шу боис ёшига нисбатан барвақт улғайган, ҳаёт аслида курашлардан иборатлигини тенгқурларига нисбатан тезроқ ва теранроқ англаб етганди.
Ҳолбуки, аввалбошда ҳаммаси бир маромда давом этаётганди. Оқдарё туманининг Олчинтепа қишлоғида яшовчи Раззоқовлар оиласи ҳам эл қатори тинч-хотиржам, аҳил-иноқ ҳаёт кечираётганди. Дафъатан уларнинг бошига оғир мусибат тушди. Хонадон бекаси Қурбоной опага бирин-сирин бўй тортиб келаётган дилбандларининг орзу-ҳавасини кўриш бахти насиб этмади. У қирчиллама ёшида тўсатдан бандаликни бажо келтирди.
Бу пайтда оиланинг тўнғичи Файзулла жисмоний тарбия институтида, мурғаклигидан санъатга ҳавасманд иккинчи ўғил Сайдулла Самарқанддаги мусиқа билим юртида, қолганлари мактабда ўқирди. Ажабки, она вафотидан сўнг шўх-шодон кулгига тўла уйдан файз-барака кўтарилиб, у гўёки ўтинсиз рўзғорга айланиб қолгандай бўлди.
Ҳаммасиданам ачинарлиси, уззукун даладан бери келмайдиган Нарзулла аканинг танҳо ўзи бобомерос кетмони орқали топгани ҳам оилани тебратиш, ҳам фарзандларини ўқитиш учун етмай қолди. Ана шу боис Сайдулла отаси қанотига киришга аҳд қилди. Дарсдан бўш вақтлари ва таътил ойларида ҳали суяги қотмаган укаларини ёнига олиб, мардикорлик қила бошлади. Кези келганда, саратон офтобида жиққа терга ботиб, ғишт қуйди, кези келганда, қиш чилласида лой қориб, девор сувади. Аммо зинҳор-базинҳор ўқишни ташламади, санъат сирларини ўрганишдан чарчамади. Аксинча, ноталарни бошдан-оёқ ёдлаб, кларнет чалишни пухта ўзлаштирди.
Кейин вақти-соати келиб, ҳаммаси из-изига тушди. Оила аста-секин иқтисодий аҳволини тиклаб олди. Сайдулланинг қалбидаги санъатга бўлган ҳавас ўзи билан бирга улғайиб, росмана ихлосга айланди. Бу ихлос ёш йигитни пойтахтга етаклади. У 1975 йили Театр ва рассомлик институтининг мусиқали драма актёрлиги факультетига ўқишга кирди.
Машойихлар айтганидек, кишининг омади чопса, иши юришиб кетиши, бахт бир кулиб боқса, қўшалоқ келиши рост экан. Мана, Сайдулла Нарзуллаевдан қиёс. У талабалик даврида асли андижонлик бўлган курсдоши Одина Ғозиевага кўнгил қўйди.

фото: https://www.youtube.com/@DUNYOTV
Тўртинчи босқичда ўқиётган кезлари эса унга уйланди. Таҳсилни тугатгач, яна омади чопиб, Муқимий номидаги мусиқали драма театрида актёрлик қила бошлади. Ушбу қутлуғ даргоҳда миллий санъатимизнинг Раззоқ Ҳамроев, Ҳусан Шарипов каби забардаст дарғаларидан сабоқ олиб, бой тажриба орттирди. Бироқ, тақдир тақозосига кўра, 1981 йили республика телевидениесига режиссёр сифатида ишга ўтди.
Шу-шу, унинг ижодий фаолияти ойнаи жаҳон билан чамбарчас боғланиб қолди. Бу ерда, оз эмас-кўп эмас, роппа-роса 28 йил, яъни умрининг охиригача хизмат қилди. Ортда қолган давр мобайнида телекомпаниянинг деярли барча каналларида ишлаб, режиссёрлик соҳасидаги билими ва маҳоратини намоён этди. Мусиқа ва адабий-драматик кўрсатувлар таҳририятларида фаолият юритганида «Ассалом, Ўзбекистон!», «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи», «Телевизион миниатюралар театри» кўрсатувлари бутун Марказий Осиёда машҳур бўлишига катта ҳисса қўшди. Шунингдек, алоҳида истеъдодга эга кўплаб ёшларга устозлик қилди. Айни чоғда, ўзи ҳам актёр эканлигини унутмади. Талай интермедия, телеспектакль ва видеофильмларда суратга тушиб, ранг-баранг образлар яратди. Айниқса, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Заҳиридин Муҳаммад Бобур сингари алломаларимиз ҳаёти ва ижодига бағишланган тарихий, «Оқ тулпор» изидан», «Бозор кўрмаган йигит» каби бадиий видеофильмларда чекига тушган ролларни маромига етказиб ижро этди. Алалхусус, минтақадаги миллионлаб телетомошабинларга танилиб, сон-саноқсиз мухлислар орттирди.
Ана шу боис юртимизнинг олис-яқин гўшаларида яшовчилар унинг эшигини қоқиб келишар, ўзларининг тўй-томошалари, оилавий тантаналарига таклиф этишарди. Ўз навбатида, Сайдулла ака ҳам ҳеч кимнинг илтимосини ерда қолдирмасликка интиларди. Имкони топилди дегунча хизматда бўлиб, одамлар ҳожатини чиқарарди. Қайси вилоятга борса, уни хуш кайфият билан кутиб олишар, дарров таниб, ҳурматини жойига қўйишар эди.
Ўзингиздан қолар гап йўқ, эл ишончига сазовор бўлиш ҳар қандай санъаткор учун юксак мукофот, уни оқлаш эса катта масъулият ҳисобланади. Буни яхши англаган Сайдулла Нарзуллаев ҳеч қачон лоқайдликка берилмади. Аксинча, муттасил равишда тажрибасини янада бойитишга, маҳоратини оширишга ҳаракат қилди. Чунончи, 1989-90 йилларда Москвадаги Останкино телестудиясининг махсус режиссёрлик факультетида ўқиди. Диплом иши сифатида миллий тарихимиз ва анъанавий урф-одатларимизни тараннум эттирувчи телеспекталь саҳналаштирди. У собиқ Иттифоқнинг Марказий телевидениеси орқали намойиш этилди.
Энг муҳими, Сайдулла Нарзуллаев яратган ёки тайёрлаган ўнлаб видеофильм ва кўрсатувлар, шунингдек, ўзи турли ролларни ўйнаган асарлар бугунги кунда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг олтин фондидан ўрин олган. Шубҳасиз, бундай муваффақиятларга эришишида унинг мусиқа сирларини яхши билиши, нозикликларини теран илғаши, актёрлик ва режиссёрлик маҳоратини мукаммал ўзлаштиргани, телевидение учун ҳар бир кўрсатув ва видеофильмни яратиш жараёнида уларни бир-бирига омихталаштирган ҳолда иш юритгани жуда қўл келган.
Умрининг охирги йилларида Сайдулла ака шогирди Ҳусниддин Эргашев билан ҳаммуаллифликда яна бир хайрли ишга қўл урди. «Тошкент» телеканалида «Нима учун?» номли янги кўрсатув очди. Бу дастур тез орада томошабинлар эътиборига тушди.
Сайдулла ака бора-бора ижод қамровини янада кенгроқ олиб, ўз иқтидорини катта кинода ҳам синаб кўришга чоғланди. Эзгу ниятини иниси Ғайбулла Раззоқов директорлик қилаётган «Шайхонтоҳурфильм» киностудиясида амалга оширди. Кўп ўтмай унинг ташаббуси ва режиссёрлигида «Садоқат» бадиий фильми яратилди. У Марказий Осиё мамлакатлари телевидениеларида намойиш қилиниб, эътирофларга сазовор бўлди. Бундан руҳланган Сайдулла Нарзуллаев кейинчалик мазкур киностудия томонидан «Барибир ҳаёт гўзал», «Маржона», «Сўғдиёна» бадиий фильмлари суратга олинишига ҳам кўмаклашди ва уларда ўзига мос ролларни ижро этди. Аммо...
– Очиғи, акамнинг қисмати ҳақида гапириш мен учун жуда оғир, – дейди Ғайбулла Раззоқов ҳазин оҳангда. – У табиатан жуда софдил ва меҳрибон инсон эди. Ичмасди, чекмасди. Ижодга келганда эса ўзини аямай ва тиним билмай, қаттиқ ишларди. Яна денг, доимо нимагадир улгура олмаётган кишидай шошиб яшарди. Ҳар бир юмушни ва зиммасидаги вазифани сидқидилдан бажарарди. Шунинг учун ҳам у актёр сифатида роль ўйнаган ёки режиссёрлик қилган видеофильмлар томошабинлар катта қизиқиш уйғотарди. Бироқ ўсмирлигидан она меҳрига тўймай ўсгани, отамиз вафотидан кейин оиланинг бор ғам-ташвишлари асосан катта акам иккисининг гарданига тушганиданми, олдинига биз – етти нафар ука-сингилларини уйли-жойли ва олий маълумотли қилиш, кейин олти нафар фарзандини тарбиялаб, вояга етказиш учун узлуксиз ҳаракатда бўлиб, кўп заҳмат-изтироблар чекканиданми, сўнгги вақтларда қандли диабет ва юрак хасталикларига чалинганди. Дард хуруж қилганида бир муддат ишини тўхтатиб, меникига ёки ука-сингилларим ҳузурига ошиқарди. Орадан уч-тўрт кун ўтар-ўтмас, «Худога шукур, соғайдим. Энди ишга бормасам бўлмайди. Чунки актёрларни навбатдаги кўрсатувда суратга тушиш учун айтиб қўйганман», дея безовталаниб қоларди. Баъзан эса, тиббий муолажалар тугамасиданоқ, «Бугун янги видеофильмда роль ўйнашга ваъда берганман, лафзимда туришим шарт!» деганча, телестудияга шошиларди. Тўйларгаям сира кечикмасди, ҳар қандай вазиятда ҳам ўзаро келишилган вақтда етиб борарди. Назаримда, доимо одамлар орасида бўлиш акамга ўзгача куч-қувват бағишлаб, дардни енгишига туртки берарди. Ижод оғушига шўнғиган пайтлари эса у бутунлай бошқа, хатти-ҳаракатлари алланечук чаққон, гап-сўзлари дадил-ўктам одамга айланарди. Афсуски, охирги сафар тескариси бўлди...
Дарвоқе, 2009 йил май ойида Сайдулла Нарзуллаевнинг соғлиғи жиддий равишда ёмонлашади. Шул сабаб, даволаниш учун шифохонага ётади. Барибир, фойдаси бўлмайди, аҳволи ҳадеганда ўнгланмайди. Ноилож қолган жигаргўшалари уни Тошкент шаҳрининг Ўзгариш маҳалласида яшовчи синглиси Ойдиннинг мўъжазгина ҳовлисига олиб келишади. Негаки, бу ерни бемор саломатлигини тиклаш учун унинг Юнусободдаги кўпқаватли уйлардан бирида жойлашган уч хонали квартирасидан кўра анча афзал деб билишади.
Ҳар қалай, тўғри қилишган экан. Мусаффо ҳаво, осуда муҳит туфайли ҳеч қанча ўтмай Сайдулла аканинг юзларига яна қон югуриб, жисмига мадор киради. Шу асно у синглиси Гулчеҳранинг яқинда босмадан чиққан «Юлдузсиз тунлар» қиссасини ўқишга тутинади. Пировардида «Бу асарни бадиий фильм қилиш керак!» деган хулосага келади ва Ғайбуллани чақириб, унга яратилажак фильм сценарийсини ёзишни тайинлайди. Режиссёрлик вазифасини эса ўз зиммасига олишини билдиради.
Бироқ Ғайбулла унинг топшириғини бажара олмайди. Негаки, айнан ўша кезлар Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида ҳужжатли фильм олишни режалаштириб қўйган ва 31 май куни Ҳиндистонга учиб кетаётган эди. Шуни айтиб, узр сўрайди. Қарангки, акаси ундан асло ранжимайди. Билъакс, хушхабарни эшитиб, қувониб кетади. «Баракалла, жуда савобли ва масъулиятли ишга жазм қилибсан. Майли, йўлдан қолма. «Юлдузсиз тунларни» эса сафардан қайтганингдан кейин суратга оламиз», деб хайр-хўшлашади.
– Ғайбулла акам Ҳиндистонга кетгани ҳамоно Сайдулла акам илкис тетиклашди. Менинг асаримни қайта ўқиб чиқиб, бирданига сценарий ёзишга киришиб кетди, – дейди Гулчеҳра Раззоқова. – Ёзганда ҳам, ҳордиқ нималигини, уйқу нималигини буткул унутиб, тўхтовсиз ёзди. Ҳарчанд ҳай-ҳайлашимга қарамай, бир неча кеча-кундуз мукка тушиб, қоғоз қоралади. Нега бунчалик шошди, шунча куч-қувват ва илҳомни қаердан олди, буни билмайман. Ниҳоят, 4 июнь куни туш палласи ишини якунлаб, ташқарига чиқди. Кайфияти чоғлигидан жиянларига қўшилиб, ҳовлида футбол ўйнади. Қизиқ-қизиқ ҳангомалар айтиб, болаларча қийқириб кулди. Кейин Муқимий театрида ишловчи келинойим – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Одина Ғозиевага қўнғироқ қоқиб, «Худо хоҳласа, бугун уйга қайтмоқчиман. Спектакль тугагач, телефон қилсанг, бирга кетамиз», деди. Аммо бу нияти ушалмади. Кечга яқин қўққисдан яна мазаси қочди. Уни зудлик билан республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб бордик. Афсус, қазо фурсати етган экан, бу сафар акамга узлуксиз 26 йил яшаган, не-не шодлигу қувончларга, не-не ғаму ташвишларга гувоҳ бўлган уйига ўз оёғи билан кириб бориш насиб қилмади. Аксинча, ўша куни кечқурун унинг жонсиз танасини биз кўзларимизда ёш, дилимизда алам билан уйига кўтариб кирдик... Шуни айтсалар керак-да, бандасининг эмас, Аллоҳнинг айтгани бўлади, деб...
– Мен нохуш хабардан пайшанба куни – Бобур бобомизга бағишланган ҳужжатли фильмни суратга олишни кўнгилдагидек якунлагандан кейин Панипат шаҳридан Лудиана шаҳрига етиб бориб, кечаси меҳмонхонада дам олаётганимда огоҳ топдим, – дейди Ғайбулла ўкинч билан. – Аксига олгандай, Ҳиндистондан Тошкентга самолёт яқинда учиб кетган, навбатдаги рейс эса фақат якшанба куни бўлар экан. Охир-оқибат акамнинг дафн маросимига етиб келолмадим, уни сўнгги йўлга кузатолмадим. Ўша дамларда фақат «Йўқ, акам ўлмаган! Ўлиши мумкин эмас! Ахир шундай одам ҳаётдан эрта кетиши мумкинми?.. Ҳали унинг бу ёруғ дунёда қилиши керак бўлган ишлари, ушалмаган орзу-умидлари кўп эди-ку! Наҳотки, бу мудҳиш хабар рост бўлса!» деган саволлар қалбимни тилка-пора қиларди. Ҳиндистондаги чорасиз қолган ўша кунларимнинг ҳар дақиқаси ҳаётимнинг энг изтиробли ва аламли лаҳзалари бўлди. Тошкентга уч кундан кейин қайтиб келиб, «Оқтепа» қабристонига бордим. Акамнинг мунғайиб турган мозорини кўриб, беихтиёр ҳўнграб юбордим. Уни қучоқлаб, ўксиб-ўксиб йиғларканман, кўзларимдан тинимсиз ёш оқарди. «Ака, сизни сўнгги йўлга кузатолмадим. Қабрингизга бир сиқим тупроқ ташлаб, укалик бурчимни адо этолмадим. Бу энди юрагимда умрбод армон бўлиб қолади... Ака, мени кечиринг!» дейишдан нарига ўта олмадим...
Начора, буни ҳаёт дейдилар, ҳамиша бири кам армонли дунё дейдилар. Қолаверса, ҳаммамиз ҳам хом сут эмган ожиз бандалармиз. Модомики, шундай экан, тақдирга тан беришга, ногаҳоний мусибатларга кўникишга мажбурмиз.
Сайдулла Нарзуллаевни яқиндан билганларга оддий бир ҳақиқат аён: у ўзгалардан меҳрини дариғ тутмайдиган ўта самимий, ўта камтар-камсуқум, касбига фидойи, заҳматкаш инсон эди. Умри бўйи одамларга яхшилик қилишга, уларнинг корига ярашга интилиб яшаганди. Шу зайл эл назарига тушиб, мухлислар меҳрини қозонганди. Республикамизнинг кўплаб гўшаларида дўст-биродарлар орттириб, одамлар қалбини забт этганди. Бундай бахтга муяссар бўлиш эса, биласиз, ҳар кимга насиб қилавермайди. Айни чоғда, бундай ажойиб инсонларни эл-юрт осонликча унутмайди.
Зеро, Сайдулла Нарзуллаевнинг ҳам номи ва ҳаётлигида қилиб улгурган эзгу амаллари узоқ йиллар халқ хотирасидан ўчмайди...
Абдунаби Ҳайдаров


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter