Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Болаларни зўравонликнинг барча турларидан ҳимоялаш бўйича стратегия тасдиқланди

Болаларни зўравонликнинг барча турларидан ҳимоялаш бўйича стратегия тасдиқланди

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистонда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича Стратегия тасдиқланди

Мазкур стратегия Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг амалий ва тизимли ижросини таъминлаш, шунингдек болаларнинг хавфсизлиги ва қўллаб-қувватланишини кафолатлайдиган барқарор механизмни шакллантиришга қаратилган. 

Фармон фуқароларга болалар ва халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятларимизни бажариш, мамлакатнинг фаол позициясини, зўравонликка муросасизлигини ва уни бартараф этишдаги қатъиятини тасдиқлаш имконини беради. 

«Бугун Президент томонидан 2026–2030 йилларда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси тўғрисидаги Фармон имзоланди. Ҳужжат жамоамиз томонидан жаҳон тажрибаси ва илғор амалиётлар асосида ишлаб чиқилиб, болалар учун ишончли ҳимоя тизимини яратишга қаратилган. 

2026 йилдан профессионал тутинган оилалар билан иш йўлга қўйилиб, болалар ва оилалар психологик ҳамда ҳуқуқий ёрдам олади. Устувор мақсад — оилани қўллаб-қувватлаш ва уни сақлаб қолиш. 

Шунингдек, ўқув-тарбия муассасалари ўрнида болаларни жамиятга мослаштиришга хизмат қилувчи ижтимоий интеграция марказлари ташкил этилади, қонунчиликдаги ўзгаришлар эса бола ҳуқуқларини кучайтиришга қаратилган. 

Ушбу ислоҳотларни амалга оширишда иштирок этган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги жамоаси ва барча ҳамкорларга миннатдорлик билдираман», —дейди Шаҳноза Мирзиёева. 

Стратегияга мувофиқ кучга кираётган ўзгаришлар ҳақида батафсил қуйидаги ҳавола орқали билиб олишингиз мумкин.

Стратегияда оилаларни қўллаб-қувватлаш, зўравонлик оқибатида оиласидан ажратилган болаларга оилавий муҳитга максимал даражада яқин шароитда ижтимоий хизматлар кўрсатишни ташкил этиш, шунингдек бола ва оила учун ижтимоий хизматлар тизимини такомиллаштириш назарда тутилган. 

Стратегиянинг принсипиал муҳим жиҳатларидан бири — идоралараро ҳамкорликдир. Болаларни ҳимоя қилиш масаласи таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа идоралар томонидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мувофиқлаштирувчи рольи остида биргаликда амалга ошириладиган умумий масъулият сифатида қаралади. 

Ҳужжатда зўравонликдан жабрланган болалар ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда реабилитатсия қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Янги ижтимоий ва реабилитатсион хизматлар жорий этилади, оилани мустаҳкамлаш ва ижобий ота-оналикни ривожлантириш бўйича чоралар кучайтирилади. Шунингдек,«Меҳрли оила» хизмати, профессионал қабул қилувчи (фостер) оила институти жорий этилади ҳамда кам сонли ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилади. 

Стратегия жиноят, жиноят-протсессуал, жиноят-ижроия ва маъмурий қонунчиликка комплекс ўзгартиришлар киритилишини ҳам назарда тутади. Ушбу ўзгартиришларнинг асосий мақсади — тергов ва суд жараёнларининг барча босқичларида болани ҳимоя қилиш ҳамда болага дўстона адлия тамойилларини жорий этишдир. 

Зўравонлик қурбони ёки гувоҳи бўлган болалар учун дастлабки тергов ҳаракатларидан бошлаб бепул юридик ёрдам таъминланади. Агар зўравонлик бола оиласида содир этилган бўлса, ишни судгача кўриб чиқиш ва суд муҳокамаси жараёнларида васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг барча протсессуал ҳаракатларда мажбурий иштироки таъминланади. Шунингдек, боланинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида суриштирув, тергов ва суд жараёнларида ижтимоий ходим протсесс иштирокчиси сифатида жалб этилади. Бола ва зўравон ўртасидаги юзлаштириш фақат терговчи ва прокурор қарори ёки суд ажрими асосида ўтказилади. Боланинг кўрсатмалари такрорий жабрланишнинг олдини олиш мақсадида мажбурий видеоёзувга олинади. 

Стратегиянинг алоҳида бўлими девиант ва антисотсиал хулқ-атворга эга болалар билан ишлашга бағишланган. Республика ўқув-тарбиявий муассасалари илгари ёпилган бўлиб, уларнинг ўрнига ижтимоий интеграция ва қўллаб-қувватлаш марказлари, шунингдек кам сонли ижтимоий ёрдам марказлари ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, ушбу болаларнинг сифатли таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида улар йўналтирилиши мумкин бўлган таълим муассасалари сони 258 тага етказилмоқда. 

Тезкор жавоб чораларини кўриш ва ахборот алмашинуви самарадорлигини ошириш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа идоралар ахборот тизимларини интеграция қилиш кўзда тутилган. Мактабгача таълим ташкилотларидан тортиб коллежларигача бўлган барча таълим муассасаларида «хавфсиз мактаб» консепцияси жорий этилади, шунингдек буллинг ва рақамли зўравонликка қарши чоралар кучайтирилади. 

Бундан ташқари, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳасида фаолият юритувчи ходимлар томонидан болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини яшириш ёки улар ҳақида хабар бермаслик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилиши таклиф этилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг