«Бюрократияни бартараф этиш – 2030» дастури ишга туширилади. Унинг вазифалари нималардан иборат?
Президент Шавкат Мирзиёев давлат хизматларини кўрсатиш босқичларини мақбуллаштириш, жисмоний ва юридик шахсларга ортиқча мажбуриятлар юклатилишининг олдини олиш, давлат ташкилотлари, аҳоли ва бизнес ўртасида рақамли мулоқотни тўлақонли йўлга қўйиш ва бу борадаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш мақсадида 2026 йил 1 январдан бошлаб давлат бошқарувини рақамли трансформация қилиш ва самарадорлигини оширишга қаратилган «Бюрократияни бартараф этиш – 2030» дастурини ишга туширишга доир фармойишини имзолади.
Дастурнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:
- давлат хизматларидан тез ва қулай фойдаланиш орқали фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш;
- тадбиркорликни рағбатлантириш, мамлакатнинг хорижий инвестициялар учун жозибадорлигини ошириш;
- рақамли бошқарув ва давлат бошқаруви соҳаларида мамлакатимизнинг ижобий имижини шакллантириш;
- ортиқча тартиб-таомилларни бартараф этиш ва жараёнларнинг шаффофлигини ошириш орқали суиистеъмолчилик хавфини камайтириш.
Дастурнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш мақсадида Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳузурида лойиҳа офиси ташкил этилади ҳамда унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:
- Дастурни муваффақиятли амалга ошириш масалалари бўйича хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;
- Дастур доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик режалаштириш ва ривожланиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашга киритиш;
- ҳар йил якунида вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари (кейинги ўринларда – давлат ташкилотлари) томонидан давлат бошқарувида бюрократияни бартараф этиш бўйича амалга оширилган ишлар самарадорлигини баҳолаш, эълон қилиш ҳамда давлат ташкилотлари ва ташаббускорларни рағбатлантириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиш.
Ҳужжатга мувофиқ, бюрократияни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш, бу борада амалга оширилган ишларнинг самарадорлигини баҳолаш Агентлик оператори ва мулкдори ҳисобланадиган «Zero Bureaucracy» рақамли платформаси орқали амалга оширилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter