Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Кореяга юборишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди

Кореяга юборишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди

Ўзбекистоннинг бир нечта ҳудудида фуқароларни Корея Республикасига ишга ёки ўқишга юборишни ваъда қилиб, пул олган шахслар фош этилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълумотига кўра, Бухоро вилоятида фуқаро Н.Ж. миграция соҳасида ишловчи танишлари орқали Кореяга юборишни ваъда қилиб, 7 минг АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинган.

Андижон вилоятида эса «N.K.» нодавлат таълим муассасаси раҳбари С.Э. хорижий олийгоҳ дипломини олиб бериш ва ишчи виза расмийлаштиришни ваъда қилиб, фуқародан 6 минг доллар ва 3 миллион сўм талаб қилган. У пулнинг бир қисмини олган вақтида ушланган. Тергов давомида мазкур шахс яна 14 нафар фуқародан жами 44,1 минг доллар олгани ҳам аниқланган.

Наманганда «G.V.» МЧЖ раҳбари А.В. икки нафар фуқарони Кореядаги олий таълим муассасаси магистратурасига ўқишга ва ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, 11 минг доллар олган вақтида қўлга тушган.

Сурхондарё вилоятида эса фуқаро Ф.Р. бир шахсни 10 минг доллар эвазига Кореяга ишга юборишни айтган. У маблағнинг бир қисми – 5 минг доллар ва 61 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг фирибгарлик ва пора бериш билан боғлиқ моддалари асосида жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг