Тошкентда мактаблар олдида ўқувчиларни хавфсиз тушириш ва олиб кетиш зоналари ташкил этилмоқда
Тошкент шаҳрида мактаблар атрофида болаларни транспорт воситасидан хавфсиз тушириш ва олиб кетиш учун махсус тўхташ жойларини ташкил этиш ишлари бошланди. Бу ҳақда Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази хабар берди.
Дастлабки босқичда бундай зоналар Юнусобод туманидаги 5-сонли мактаб ва Шайхонтоҳур туманидаги 42-сонли мактаб олдида ташкил этилди.
Мазкур ҳудудларда транспорт воситаларининг қисқа муддатга тартибли тўхташи учун тегишли йўл белгилари ўрнатилиб, йўл чизиқлари чизилди.
Ушбу ечим, аввало, мактабга келаётган ўқувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш, болаларнинг автомобилдан бевосита қатнов қисмига тушиб қолишининг олдини олиш, мактаблар олдида тартибсиз тўхташларни камайтириш ҳамда эрталабки ва дарс тугайдиган вақтдаги транспорт ҳаракатини тартибга солишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, махсус зоналар ота-оналарга фарзандларини хавфсиз ва белгиланган жойда тушириш ёки олиб кетиш, пиёдалар ва бошқа транспорт воситалари ҳаракатига халақит бермаслик имконини яратади.
Айни пайтда пойтахтнинг бошқа мактаблари олдида ҳам шу каби тўхташ зоналарини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter