Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ноодатий акция: Европа дипломатлари Ботаника боғини ораста ҳолга келтиришди (фото)

Ноодатий акция: Европа дипломатлари Ботаника боғини ораста ҳолга келтиришди (фото)

ЕИнинг юртимиздаги элчиси Тойво Клаар тозалаш тадбирида.

Европа Иттифоқининг юртимиздаги делегацияси Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда Тошкентдаги Ботаника боғида кенг кўламли тозалаш кампаниясини ўтказди. Ушбу тадбир ЕИнинг ҳар йили бўлиб ўтадиган глобал экологик ташаббуси – Яшил дипломатия ҳафталикларининг бир қисми ҳисобланади.

Ботаника боғидаги тозалаш акциясида ЕИга аъзо давлатлар элчихоналари вакиллари, фуқаролик жамияти ташкилотлари, кўнгиллилар ва ёшлар қатнашди.

Ноодатий акциядан кўзланган мақсад “Тошкентнинг юраги” деб аталган, ўзида 2000 дан ортиқ ўсимлик турини жамлаган энг муҳим яшил ҳудудни қўллаб-қувватлаш ҳамда кенг жамоатчилик орасида экологик масъулиятни тарғиб қилишдан иборатдир.

Мақсад – жамоатчилик орасида экологик маданиятни тарғиб қилиш.

“Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳар биримиздан – шаҳарларимиз аҳолиси ва меҳмонларидан бошланади ҳамда бу кундалик танловимиздир. Жамоатчилик жойларни тоза сақлаш – умумий масъулият ҳамдир. Ҳукуматлар, институтлар ва ҳамжамиятларнинг қатъий ҳаракатлари муҳим бўлса-да, ҳар бир инсоннинг ҳиссаси ҳам шунчалик аҳамиятли. Ушбу қўшма саъй-ҳаракат орқали Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши кураш, биологик хилма-хилликни асраш ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлади”, – дейилади ЕИ делегацияси хабарномасида.

Маълумот ўрнида: ҳар йили сентябрь ойидан ноябрь ойининг охиригача ўтказиладиган Яшил дипломатия ҳафталари турли тадбирлар орқали дунё бўйлаб ЕИ делегациялари ва ҳамкор мамлакатларни экологик дипломатияни тарғиб қилиш ҳамда глобал иқлим ва биологик хилма-хиллик муаммолари бўйича хабардорликни ошириш учун бирлаштиради.

Аввал хабар берганимиздек, ЕИ ўтган йили Тошкент Ботаника боғига техник кўмак кўрсатган эди.

Бир муддат аввал ЕИ Ўзбекистон ҳукуматининг саҳрога айланаётган ҳудудни тиклаш бўйича хатти-ҳаракатларига кўмак сифатида Орол денгизи тубига 27 минг туп ниҳол экиш ташаббусини амалга оширганди.

Экологик ташаббуслар қаторида Европа ҳаракатланиш ҳафталигини (European Mobility Week) ҳам эсга олиш мумкин. Пиёда, велосипедда ёки жамоат транспортида ҳаракатланишни кенг тарғиб этиш орқали транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли газлар миқдорини камайтириш, экологияни муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳамда энергия манбаларини тежаш кўзда тутилган лойиҳага Тошкент ҳам 2019 йилдан қўшилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг