Олимлар: енгил жисмоний фаоллик инсон энергиясини оширади
Ҳатто енгил жисмоний фаоллик ҳам эртаси куни энергияни сезиларли даражада ошириши ва умумий фаровонликни яхшилаши мумкин.
Бу хулосага Арлингтондаги Техас университети тадқиқотчилари Монаш университетидаги (Австралия) ҳамкасблари билан биргаликда келишди. Натижалар Спорт ва жисмоний машқлар психологияси (PSE) журналида чоп этилди.
Тадқиқотда бир ҳафта давомида фаоллик кўрсатган 350 дан ортиқ ёшлар иштирок этди. Олимлар уйқу, жисмоний фаоллик вақти эртаси куни кайфият ва энергияга қандай таъсир қилишини таҳлил қилишди. Маълум бўлишича, ҳатто 30 дақиқалик енгил фаоллик, масалан, юриш, уй тозалаш ёки уй атрофида қисқа ҳаракатлар ҳам бутунлай ҳаракатсиз кунга нисбатан энергия даражасини сезиларли даражада оширган.
Ўз навбатида, интенсив машқлар камроқ таъсир кўрсатди ва узоқ вақт ўтириш эса вазиятни ёмонлаштирди. Профессор Юе Лиаонинг сўзларига кўра, ҳаракатчанликни оширишга қаратилган кичик силжишлар руҳий ва жисмоний саломатликни сақлашнинг оддий ва арзон усули бўлиши мумкин. У машқ қилиш шарт эмаслигини таъкидлади - эртаси куни фарқни ҳис қилиш учун шунчаки бироз камроқ ўтириш ва бироз кўпроқ ҳаракат қилиш кифоя.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter