Ўзбекистонликлар ўтган 5 йилда банклардан 1,2 тонна олтин сотиб олган
2020 йил ноябр ойидан 2025 йил 30 декабрга қадар банклар томонидан аҳолига умумий оғирлиги 1,2 тонна бўлган жами 65 150 дона ўлчовли олтин қуймалар сотилган.
Марказий банкнинг 2025 йил якунлари бўйича ўлчовли олтин қуймалар бозори шарҳида маълум қилинишича, мазкур давр мобайнида 5 ва 10 грамм оғирликдаги сотилган олтин қуймалар сони жами ўлчовли қуймалар сотувининг 60 фоиздан ортиғини ташкил қилган. Бу, ўз навбатида, олтиннинг қимматбаҳо актив ҳисобланганлиги сабабли аҳолининг нисбатан кичик ҳажмдаги қуймаларга талаби юқорилигини кўрсатади.
Шунингдек, 2020 йилдан бугунги кунга қадар олтин қуймаларни сотиш ва қайта сотиб олиш амалиётини амалга ошираётган банклар сони 12 тадан 19 тага ҳамда шохобчалар сони эса 34 тадан 170 тага ошган.
Шу билан бирга, 2020-2025 йилларда банклар томонидан умумий оғирлиги 201 кг бўлган жами 11 828 дона ўлчовли олтин қуйма аҳолидан қайтариб сотиб олинган. Бунда 5 ва 10 грамм оғирликдаги қуймалар жами қайтариб сотиб олинган қуймаларнинг қарийб 65 фоизини ташкил қилган.
Таъкидланишича, сўнгги икки йилда ўлчовли олтин қуймаларга бўлган талаб сезиларли даражада ошган. Хусусан, 2024 йилда ушбу қуймаларга талаб аввалги йиллардаги ўртача кўрсаткичга (81 кг) нисбатан қарийб 3 баравар ошиб, 236 кг.ни ташкил этди. 2025 йилда эса ушбу кўрсаткич 8 бараварга ошиб, 661 кг.га етди.
Эслатиб ўтамиз, ўлчовли олтин қуймаларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш тартиб Ҳукуматнинг 2020 йил 30 июндаги 412-сонли қарори билан белгилаб қўйилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter