Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон туризмининг тарихий рекордни янгилаши Президент ислоҳотлари самарасидир

Ўзбекистон туризмининг тарихий рекордни янгилаши Президент ислоҳотлари самарасидир

Фото: Gov.uz

Ўзбекистон тарихида хорижлик сайёҳлар оқими бўйича рекорд натижа қайд этилди, яъни жорий йилнинг дастлабки 9 ойи давомида мамлакатга 8,6 млн нафардан ортиқ турист ташриф буюрди.

Апрел ойидан буён эса хорижий сайёҳларнинг ҳар ойлик кўрсаткичи барқарор равишда 1 млн нафардан ортмоқда. Ушбу тарихий натижа шубҳасиз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг туризм соҳасини ривожлантириш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини мустаҳкамлаш ва сайёҳлар учун қулай шароитлар яратишга қаратилган оқилона сиёсатлари мевасидир. 

Ўзбекистон бугунги кунда халқаро туризм ярмаркалари ва кўргазмаларида юқори савияда иштирок этмоқда, 20 га яқин давлатда роад-шоw ва тақдимотлар ташкил қилинмоқда. Самарқандда “UN-Tourism” офиси очилди, Халқаро туризм академияси фаолияти йўлга қўйилди, туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига доимий равишда субсидия ажратилмоқда. Бу ислоҳотларнинг самараси ўлароқ, туристлар сони ошиши билан бир қаторда уларнинг Ўзбекистонда қолиш муддати ҳам узайгани қувонарли ҳолат. 

Қолаверса, илгари юртимизга аксарият ёши улуғ сайёҳлар келган бўлса, эндиликда бу борадаги кўрсаткич ёшарийиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. 

Шу ўринда узоқ хориж — Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Америкадан келаётган туристлар оқимининг сезиларли даражада ўсганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу жаҳон сайёҳлик харитасида Ўзбекистоннинг кундан-кунга танилиб бораётганини ва энг саёҳатбоп йўналишлардан бирига айланиб бораётганлигини кўрсатади. 

Туристларнинг кўпайиши, табиийки, соҳадан тушаётган даромаднинг ошишига олиб келади. Бу эса ўз ўрнида миллий иқтисодиётнинг ўсишида муҳим роль ўйнайди. Илгари туристлар фақатгина муайян даврда келиши кузатилган бўлса, бугунга келиб, соҳадаги ислоҳотлар ва яратилаётган шароитлар натижасида туристик мавсум тушунчаси йўқолиб бормоқда, яъни йил давомида туристлар сони барқарор сақланиб қолмоқда. 

Виза режимини соддалаштириш ҳамда рақамлаштириш хизматларини такомиллаштириш борасидаги ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон дунёнинг энг меҳмондўст мамлакатларидан бири сифатида эътироф этила бошланди. 90 дан ортиқ давлатга визасиз режим ва электрон визанинг жорий этилиши, мамлакатга кириш-чиқиш талабларининг енгиллашуви, замонавий меҳмонхона ва транспорт инфратузилмасининг ривожланиши сайёҳлар сонининг ишончли ўсиши учун асос яратди. Бу ўз-ўзидан қўшимча иш ўринларини талаб қилгани боис маҳаллий аҳолининг даромадли иш билан таъминланиш даражаси ошиб бораётганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Президентимизнинг пировард мақсади ҳам шу аслида, яъни маҳаллий аҳоли учун янги иш жойларини яратиш, ёшлар ва хотин-қизларни юқори даромадли иш билан таъминлаш ва бу орқали халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш. 

Туризм қўмитасининг Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги таркибида фаолият юритиши барқарор ва экологик масъулиятли туризмни ривожлантириш тамойилларини жорий қилиш учун кенг имкониятлар очмоқда. Бундай ёндашув туризмни ривожлантиришда мамлакатнинг табиий ва маданий бойликларини асрашга бўлган эътиборни кучайтиради. Зеро барқарор табиатсиз ҳеч бир соҳани, жумладан, туризмни ҳам ривожлантириб бўлмайди. Сўнгги йилларда бутун дунёда кузатилаётган иқлим ўзгариши, биохилма-хилликнинг йўқолиши ва атроф-муҳитнинг ифлосланиши каби муаммолар ҳар қандай соҳани ривожлантиришда бу омилларни инобатга олиш зарурлигини ва Ўзбекистонда бу борада тўғри йўл танланганини кўрсатмоқда. 

Экология вазирлиги Давлат раҳбари томонидан туристик хизматлар сифатини ошириш, ички ва ташқи туризмни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг минтақадаги етакчи туристик марказлардан бири сифатидаги мақомини мустаҳкамлашга қаратилган вазифаларини сидқидилдан амалга оширишда ҳамда туризмни табиат билан уйғунликда ривожлантиришда давом этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг