Қарийб 1,5 мингта маҳалла «камбағалликдан холи» ҳудудга айлантирилди – вазир
Жорий йилда илк бор 1 минг 435 та маҳалла «камбағалликдан холи» ҳудудга айлантирилди.
Бу ҳақда Парламент Қуйи палатасида 2025 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти эшитилган Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Зоҳидов маълум қилди.
Қайд этилишича, бугунги кунда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва «маҳалла еттилиги» ҳамкорлигида 712 мингта оила «Камбағал оилалар реестри»га киритилган. Мазкур реестрга киритилган оилаларни камбағалликдан чиқаришга қаратилган «индивидуал режалар» ишлаб чиқилди. «Индивидуал режалар» доирасида 463 мингта камбағал оилаларнинг 2 млн нафар аъзосига даромадини оширишга қаратилган 791 мингта хизматлар кўрсатилмоқда.
Вазирнинг қайд этишича, жорий йил бошидан ишсизлик 4,9 фоизга тушган. Айниқса, Бухоро, Когон, Навоий, Зарафшон, Ғозғон, Самарқанд, Ширин шаҳарларида ишсизлик 4 фоиздан пасайиб, илк бор «табиий ишсизлик» даражасига яқинлашган. Эҳтиёжманд 302 минг оила камбағалликдан чиқарилиб, йил якунигача камбағаллик даражаси 6 фоизгача камайиши кутилмоқда.
«Шунингдек, шароити оғир бўлган Ховос, Мирзаобод, Оқолтин, Дўстлик, Пахтакор, Фориш, Бўстон, Вобкент, Миришкор, Мингбулоқ, Узун ва Пискентда камбағал оилаларнинг сонини 4,5 баробаргача камайтиришга эришилди. Жорий йилда илк бор 1 минг 435 та маҳалла «камбағалликдан холи» ҳудудга айлантирилди», – дейди вазир.
Мажлисда депутатлар соҳада эришилаётган ютуқларни алоҳида қайд этиб, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда айрим ҳудудларда замонавий технологиялардан етарлича самарали фойдаланилмаётгани, тайёр лойиҳалар, катта ресурс ва ишчи кучи бўлсада ушбу имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганини танқид остига олишди.
Савол-жавоб ва муҳокамаларга бой бўлган мажлисда депутатлар томонидан камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича бир қатор таклифлар берилди.
Мажлисда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг жавоби маълумот учун қабул қилиниб, кун тартибидаги масала юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.
Маълумот учун, 2025 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистонда жами 9 756 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мавжуд.
Уларнинг таркибий қисми қуйидагича тақсимланган:
- Маҳаллалар:8 115 та;
- Қишлоқ фуқаролар йиғинлари:1 294 та;
- Шаҳарча фуқаролар йиғинлари:190 та;
- Овул фуқаролар йиғинлари:157 та.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter