Қишлоқ хўжалиги экинларини совуқдан қандай ҳимоялаш мумкин?
Айни кунларда об-ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб, совуқ тушиши кузатилмоқда. Совуқнинг қишлоқ хўжалиги экинларига салбий таъсирини камайтириш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва унинг тизимидаги илмий тадқиқот институтлари олимлари томонидан тўқсонбости усулидаги пиёз ва бошқа экинларни совуқдан ҳимоя қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Таъкидланишича, ушбу тавсиялар ўз вақтида деҳқон ва фермерларга ҳам етказилган. Шунингдек, тажрибали деҳқон ва фермерлар кўп йиллик амалиётларига асосланган ҳолда экинларни совуқдан сақлаш бўйича зарур чораларни кўрмоқда. Бу жараёнда экинларнинг совуққа чидамлилигига қараб уларни тўғри парваришлаш катта аҳамиятга эга.
Сабзавот экинларини совуқбардошлигига кўра қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин:
- Совуқбардош ва қишга чидамли экинлар: пиёз, саримсоқпиёз, шовул, ровоч, ерқалампир каби экинлар. Улар -10 даражадан -15 даражагача, қор остида эса -20 даражадан -25 даражагача бўлган совуққа бардош бериши мумкин;
- Қисқа муддатли совуқдан ҳимоя талаб этмайдиган экинлар: совуққа чидамли бошқа сабзавотлар, улар табиий шароитда қаттиқ совуққа ҳам бардош бера олади.
Қисқа муддатли совуқдан кейинги агротехник чора-тадбирлар
Совуқ кунлар ўтиб, экинларни «стресс» ва «шок» ҳолатидан чиқариш учун қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилиши лозим:
- Қўшимча озиқлантириш:
Экинларни микроэлементлар ва аминокислоталарга бой препаратлар билан озиқлантириш зарур. Viusid, Biotrac каби бор элементи мавжуд озуқаларни баргдан озиқлантириш учун ишлатиш яхши натижа беради.
- Азотли ўғитлардан фойдаланиш:
Экинларнинг ўсиш жараёнини тезлаштириш мақсадида тез таъсир этувчи сулфат аммония каби азотли минерал ўғитлардан фойдаланиш тавсия этилади.
- Иссиқликни сақлаш чоралари:
Ҳаво ҳарорати паст бўлса, экинларни эгат устига шаффоф плёнка билан ёпиш орқали ҳимоя қилиш мумкин.
- Суғориш ва тупроқ намлигини сақлаш:
Тупроқдаги намликни сақлаш ва совуқ таъсирини камайтириш учун суғоришни мунтазам амалга ошириш керак.
Барча агротехник тадбирлар интенсив усулда ва қисқа муддат ичида бажарилиши лозим. Бу каби амалиётлар нафақат экинларни совуқдан ҳимоя қилишга ёрдам беради, балки ҳосилдорликни сақлаб қолишда ҳам муҳим ўрин тутади.
https://gov.uz/oz/agro/news/view/30589


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter