Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Самарқандда 7 киши ҳалок бўлган «»газ портлаши иши» ортидан 4 киши қамалди

Самарқандда 7 киши ҳалок бўлган «»газ портлаши иши» ортидан 4 киши қамалди

Жорий йилнинг 8 май кунидан 9 май кунига ўтар кечаси Самарқанд шаҳар «Боғисарой» МФЙ Спитамен кўчасида жойлашган уйларнинг бирида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган ва унда, ФВВ дастлабки маълумотига кўра, 6 нафар фуқаро (судда вафот этганлар сони 7 нафар экани айтилди, таҳр.) вафот этгани айтилган эди. 

«Замон» дастурида маълум қилинишича, мазкур ҳодиса ортидан очилган жиноят иши жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳри судида кўриб чиқилди. 

Маълум қилинишича, 2024 йил сентябр-октябр ойларида Спитамен шоҳкўчаси ва 160-уй атрофидаги хонадонларни газлаштириш ишлари лойиҳа ва техник шартларсиз амалга оширилган. Ёлланма усталар ёрдамида ноқонуний тарзда автомобил йўли остига газ қувури ётқизилган. Қувур тегишли хулосаларсиз ва хавфсизлик қопламасисиз ер остига туширилгани ҳамда тармоққа ноқонуний улангани аниқланган. Натижада қувурда 7 та тешик пайдо бўлиб, табиий газ марказий оқова қудуғига сизиб чиққани оқибатида портлаш содир бўлган.

Портлаш содир бўлгунга қадар хонадон эгалари газ ҳидидан безовта бўлиб, газ идорасига 11 маротаба мурожаат қилган. Бироқ ташкилот масъуллари бунга эътиборсиз қарашган.

Судланувчи бўлган «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали Самарқанд шаҳри бўлими раҳбари ва 3 нафар ходими Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми «а, б» бандларида (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик одамлар ўлимига ва бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса) назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди.

Уларга 3 йил давлат иштирокидаги корхоналар ва ташкилотларда мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, портлашдан зарар кўрган фуқаролар фойдасига газ таъминоти корхонасидан қарийб 6 млрд сўм ундириш белгиланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг