Латвияда 5 миллион еврога тенг онлайн-фирибгарлик фош этилди

Европа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари Латвияда йирик рақамли фирибгарлик тўдасини қўлга олди. Бу гуруҳ минглаб одамларни алдаб, камида 5 миллион еврога тенг зарар етказгани маълум бўлди.
Латвия полицияси, Эстония, Австрия, шунингдек, Europol ва Eurojust’нинг қўшма операцияси натижасида «SIMcartel» деб номланган операция амалга оширилди. Тергов маълумотларига кўра, фирибгарлар махсус SIMbox-платформа орқали минглаб SIM-карталарни ноқонуний тарзда бошқариб, фойдаланувчилар шахсини яшириш ва сохта аккаунтлар яратиш имконига эга бўлган.
Полиция ҳисоб-китобига кўра, айнан шу тизим орқали 50 миллионга яқин онлайн-аккаунт яратилган. Улар ёрдамида турли мамлакатларда банк ва инвестиция фирибгарликлари амалга оширилган. Жами 3200 дан ортиқ киши жабрланувчи сифатида қайд этилган.
Моддий зарарнинг асосий қисми – 4,5 миллион евро – Австрия ҳиссасига тўғри келган, Латвиядаги йўқотишлар эса 420 минг еврони ташкил этган.
Europol маълумот беришича, мазкур рақамли картел онлайн-фирибгарликдан ташқари бошқа жиноятларга – мигрантларни ноқонуний олиб кириш ва шантаж ҳолатларига ҳам алоқадор бўлиши мумкин.
Ҳозирда етти нафар гумонланувчи қўлга олинган бўлиб, уларнинг аксари Латвия фуқаролари экани маълум қилинди. Тергов жараёни Европанинг бир нечта давлатларида давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter