Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев Руфат Рисқиевнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Шавкат Мирзиёев Руфат Рисқиевнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев ва қатор раҳбарлар ўзбек бокс мактабининг атокли намояндаси, жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинлари совриндори, машҳур спортчи ва мураббий Руфат Рисқиевнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Руфат Рисқиев 1949 йил 2 октябрда Тошкент вилоятида шифокор оиласида туғилган. Ўқувчилик йилларидан бошлаб спортнинг бокс турига меҳр қўйиб, тажрибали устозлар қўлида таълим олган.

Таъкидланишича, ўзининг бетакрор истеъдоди ва юксак техник маҳорати, кучли иродаси ва жанговор характери билан мухлислар эътиборига тушган афсонавий спортчи ўз фаолиятини ҳаваскор боксчи сифатида бошлаб, кейинчалик республика ва дунё миқёсидаги мусобақаларда фаол иштирок этган, қизғин ва аёвсиз жангларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган.

Моҳир спортчи 1976 йилда Монреалда ўтказилган ёзги Олимпия ўйинларида ҳам жонбозлик кўрсатиб, ғоят қийин беллашувларда кумуш медални қўлга киритган.

Рисқиев собиқ Иттифоқ миқёсида 4 карра чемпион бўлиб, хизмат кўрсатган спорт устаси даражасига етган. У Марказий Осиё мамлакатларидаги биринчи халқаро профессионал бокс ҳаками сифатида ҳам муваффақиятли фаолият олиб борган.

Ёрқин истеъдод ва маҳорат эгаси бўлган Руфат Рисқиев нафақат республика, балки жаҳон бокс жамоатчилиги ўртасида ҳам катта ҳурмат-эътибор қозонган. У «Тошкент йўлбарси» деган шарафли ном билан спорт мухлислари ва бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган.

«Устоз спортчи ўзбек бокс мактабининг шон-шуҳратини оширишга мураббий ва ҳакам сифатидаги самарали фаолияти билан ҳам беқиёс ҳисса қўшди. Унинг спорт оламидаги шарафли йўли юртимиздаги ёш спортчилар учун чинакам ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда. Р. Рисқиевнинг мамлакатимиз спортини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан юксак тақдирланди. У «Эл-юрт ҳурмати» ва «Дўстлик» орденлари билан мукофотланган эди.

Бутун ҳаётини боксчилик фаолиятига бағишлаган буюк спортчи, ёшларнинг меҳрибон устози, самимий ва камтарин инсон Руфат Рисқиевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади», — дейилади ҳамдардлик хатида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг