Совуқда қолган ёввойи ҳайвонларга озуқа етказиб берилмоқда
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси тасарруфидаги қўриқланадиган табиий ҳудудларда мунтазам равишда биотехник тадбирлар ўтказилади. Уларнинг асосий мақсади биологик хилма-хилликни сақлаш, қиш мавсумида ёввойи ҳайвонларнинг барқарор популяцияларини қўллаб-қувватлаш ҳамда оғир об-ҳаво шароитларининг табиий экотизимларга таъсирини камайтиришдан иборат.

Бу каби ишлар "Юқори Тўпаланг" миллий табиат боғи, Зарафшон миллий табиат боғи, Зомин давлат қўриқхонаси, Зомин миллий табиат боғи, Хоразм миллий табиат боғи ҳамда мамлакатимиздаги бошқа қўриқланадиган табиий ҳудудларда олиб борилмоқда.
Биотехник тадбирлар доирасида ходимлар озуқа майдончаларини ташкил этади ва уларга хизмат кўрсатади, қиш мавсумида ёввойи ҳайвонларни қўшимча озиқлантиради, шунингдек уларнинг табиий озуқа базасини сақлаб қолиш чораларини кўради. Шу билан бирга доимий экологик мониторинг олиб борилади: ҳайвонларнинг фаоллиги кузатилади, озуқа майдончаларидан фойдаланиш даражаси ва табиий муҳитнинг умумий ҳолати баҳоланади.

Кузатувлар якунига кўра об-ҳаво шароитлари ва бошқа омилларнинг экотизимларга таъсири таҳлил қилинади. Зарурат туғилганда тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадида иш жараёнига ўзгартиришлар киритилади. Олинган маълумотлар келгусидаги биотехник тадбирларни режалаштиришда ҳам фойдаланилади. Ушбу фаолият ёввойи табиатни асраш, экологик мувозанатни сақлаш ва қўриқланадиган табиий ҳудудларнинг ҳолатини яхшилашга хизмат қилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter