Тошкент шаҳри дизайн коди лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди
Жорий йилнинг 25 декабр куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши комиссияси йиғилишида шаҳримизнинг янги дизайн-коди лойиҳаси кўриб чиқилган.
Дизайн-код лойиҳаси Иловалари айни вақтда regulation.gov.uz порталида кенг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Тошкент шаҳрининг дизайн-коди Citymakers International ва Toshkent Invest компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Ҳужжат яхлит, қулай ва хавфсиз шаҳар муҳитини шакллантиришга қаратилган бўлиб, пойтахтдаги бинолар ва жамоат жойларининг ташқи кўриниши учун ягона ва тушунарли қоидаларни белгилайди, шунингдек, шаҳар муҳитининг янги маданиятини - жонли, тартибли ва кўркам кўринишни шакллантиради.
Қайд этилишича, Citymakers International компанияси йирик шаҳарлар ва агломерацияларда, жумладан Москва, Санкт-Петербург, шунингдек, Қозоғистон, Россия Федерацияси ва бошқа МДҲ давлатлари ҳудудларида шундай ечимларни жорий этиш бўйича амалий тажрибага эга. Бу эса Тошкентнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда энг яхши халқаро ва минтақавий амалиётларни мослаштириш имконини берди.
Дизайн-код — бу пойтахтни янада қулай, хавфсиз ва эстетик жиҳатдан гўзал қилишга қаратилган қоидалар тўплами ҳисобланиб, лойиҳа қуйидаги асосий йўналишларни тартибга солади:
- бинолар архитектураси – фасадлар, ранглар ва материаллар уйғунлиги;
- ташқи реклама – пешлавҳаларнинг ўлчами, шрифти ва жойлашуви;
- ободонлаштириш – тротуарлар, ёритиш тизимлари, ўриндиқлар ва кўкаламзорлаштириш;
- тарихий муҳит – маданий мерос обектларини асраб қолиш.
Алоҳида таъкидланишича, ҳужжат визуал тартибга солишдан ташқари, ёндош ҳудудлардан оқилона ва тартибли фойдаланиш масалаларини ҳам қамраб олади, шунингдек, ижтимоий ва шаҳар аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда алоҳида режимли сайёҳлик кўчалари рўйхатини белгилайди.
Дизайн-коднинг жорий этилиши тадбиркорлик фаоллигининг қўшимча ўсиши, ёндош ҳудудлардан янада самарали ва қонуний фойдаланиш, бизнес ва аҳоли даромадларини ошириш учун шароит яратади, шунингдек, шаҳар муҳитининг қулайлиги ва хавфсизлигини оширади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter