Тошкентда 3 та бозорнинг айрим қисмлари вақтинча ёпилди
8 апрел куни Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси томонидан пойтахтдаги учта бозорда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши юзасидан текширувлар ўтказилди.
Текширувлар Яшнобод туманидаги «Авиасозлар» деҳқон бозори, Шайхонтоҳур туманидаги деҳқон бозори ҳамда Чилонзор туманидаги буюм бозорида амалга оширилди.
Назорат жараёнида айрим ҳудудларда ёнғин хавфсизлиги талаблари қўпол равишда бузилгани аниқланди. Хусусан, очиқ электр симлари, ёнғин хавфини келтириб чиқарувчи ҳолатлар, ёнғин ўчириш жўмракларининг носозлиги ёки мавжуд эмаслиги қайд этилди.
Шу сабабли қоидабузарликлар аниқланган ҳудудлар электр таъминотидан узилиб, камчиликлар бартараф этилгунга қадар уларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Фақат пойтахт эмас, балки ҳудудларда ҳам шундай текширувлар ўтказилди. Самарқанд шаҳридаги Рудакий кўчасида жойлашган «Қурилиш материаллари» савдо мажмуасида ҳам қатор жиддий камчиликлар аниқланди. Бу ерда очиқ электр симлари, ёнғиндан хабар берувчи тизимлар ва ўчириш воситаларининг йўқлиги, бинолардан нотўғри фойдаланиш ҳолатлари қайд этилди. Натижада мажмуа фаолияти қисман тўхтатилди.
Урганч шаҳридаги «Урганч» буюм бозорида эса маиший пропан газ баллонларидан ноқонуний фойдаланиш, эвакуация чиқиш йўлларининг ёпиқлиги ва очиқ электр тармоқлари каби хавфли ҳолатлар аниқланди. Бу ерда ҳам бозор электр таъминотидан узилиб, вақтинча ёпилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter