Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ургут тумани энг замонавий ва кўркам шаҳарлардан бирига айлантирилади – Президент

Ургут тумани энг замонавий ва кўркам шаҳарлардан бирига айлантирилади – Президент

Айни пайтда бўлиб ўтаётган йиғилишда қайд этилишича, Самарқанд аҳолиси 4 миллион 300 мингдан ошди, йилига ўртача 100-110 минг нафарга кўпайиб бораяпти.

«Бугунги йиғилишни Ургутда ўтказаётганим бежиз эмас. Республика туманлари ичида аҳолиси энг кўп Ургутда 600 мингдан ортиқ одам истиқомат қилаяпти.

Ургут тумани узоқ йиллардан бери вилоят қишлоқ хўжалигида етакчи. Адир ва тошлоқ ерда Ургут эркин иқтисодий зонасини ташкил қилганимиз, 860 миллион долларлик 74 та лойиҳа ишга тушгани натижасида Ургут саноатлашган ҳудудга айланди», - деди давлат раҳбари.

Саноат ривожланиши савдо ва сервисга ҳам катта туртки берди. Ҳозир Ургут вилоят саноатида 3-ўринда, сервисда эса 4-ўринда.

Бугун Ургутда яна бир тарихий воқеа – 55 километр темир йўл линиясини ишга туширилди. Ушбу тармоқни электрлаштириш ишлари келаси йил тўлиқ якунига етказилади. Бу – аввало аҳолига янада қулай шароит яратиш билан бирга, саноат, қишлоқ хўжалиги ва сервисда янги имкониятлар эшигини очиб беради.

Ургут тумани марказидаги 24 та маҳаллада 100 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Бу – баъзи бир шаҳарлар аҳолисидан кўп.

Ҳудуддаги аҳоли уй-жой, канализация, ичимлик суви, мактаб, боғча, шифохона, бизнес инфратузилмаси билан боғлиқ масалалар ечимини анчадан бери кутаётгани кўрсатиб ўтилди.

Шунинг учун Президентимиз Ургут марказига «Янги Ўзбекистон» қиёфасини олиб кириб, юртимиздаги энг замонавий ва кўркам шаҳарлардан бирига айлантириш бўйича алоҳида қарорни имзолади.

Туманнинг «Қуйи Камангарон» маҳалласидаги «Янги Ўзбекистон» массивига туташ ҳудуддан 90 гектар қўшимча жой ажратиб, замонавий урбанистика асосида 100 минг аҳолига мўлжалланган замонавий эко-шаҳар барпо этилиши эълон қилинди.

Янги шаҳарда йўл, сув, канализация, электр, мактаб, боғча, шифохона ва бошқа инфратузилма обектларини қуриш, тадбиркорлик лойиҳалари учун 50 миллион доллар ажратилади.

Янги шаҳарнинг 3 гектар майдонида туманнинг 35 та ташкилоти учун ягона маъмурий марказ қуриб берилади. Уларнинг бўшаган бинолари эса бизнес учун хусусий секторга таклиф қилинади.

Президентимиз йирик саноат корхоналарининг ўз ишчилари учун корпоратив буюртма асосида бундай уйларни сотиб олиш бўйича ташаббусларини маъқуллади.

Кейинги йилдан бундай корхоналарни рағбатлантирадиган механизмлар жорий қилинади ва бутун республикага татбиқ этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг