Каннаваро: «Жаҳон чемпионатида биз йўқотадиган ҳеч нарса йўқ»
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Канадага қарши ўртоқлик учрашувидан кейин матбуот анжуманида жамоа ўйини, футболчилар ва Жаҳон чемпионати ҳақида фикр билдирди.
Унинг таъкидлашича, хатолар айнан ўртоқлик ўйинларида аниқланиши фойдали.
«Ҳар қандай учрашувда хатолар бўлади. Бундай хатоларни расмий ўйинларда эмас, ўртоқлик баҳсларида қилган яхши. Биринчи бўлимда жамоамиз ихчам ва агрессив ўйнади. Иккинчи бўлимда эса тўп назоратини кўпроқ олишга уриндик, аммо интенсивликни йўқотдик», – деди Каннаваро.
Мураббий жамоадан юқори интенсивликдаги футбол кутаётганини айтди.
«Мен келганимдан бери юқори интенсивлик устида ишлаяпмиз. Осиё футболи билан халқаро футбол ўртасида катта фарқ бор. Бу осон эмас, лекин биринчи бўлимда кўплаб ижобий жиҳатларни кўрдим», – деди у.
Каннаваро Канада терма жамоасини сўнгги йилларда сезиларли ўсган жамоа сифатида баҳолади.
Шунингдек, мураббий совуқ об-ҳаво ўйинга таъсир қилганини, шунга қарамай стадионга келган мухлисларга миннатдорлик билдирди.
Жаҳон чемпионати ҳақида гапирар экан, у Ўзбекистон термаси учун бу тарихий иштирок эканини таъкидлади.
«Португалия, Колумбия ва Конго жуда кучли жамоалар. Улар билан ўйнаш қийин бўлишини биламиз. Лекин футболчиларимга айтдим – бизда йўқотадиган ҳеч нарса йўқ. Бу мамлакатимиз тарихидаги илк Жаҳон чемпионати. Шунинг учун фақат бир нарсани айтаман: бундан завқланинг. Жаҳон чемпионатида ўйнаш ҳар доим ҳам насиб қилавермайди», – деди Каннаваро.
Мураббий Абдуқодир Ҳусанов ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
«Ҳусанов жуда яхши футболчи. У ҳали яна ривожланиши мумкин, чунки салоҳияти жуда катта. Баъзан ҳаддан ташқари агрессив бўлиб кетади, энди вазиятларни яхшироқ ўқишни ўрганиши керак. Аммо ҳимоячи сифатида у жуда кучли футболчи», – деди италиялик мутахассис.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 2 июн куни Ўзбекистон жамоаси Канада МТЖ билан ўртоқлик учрашуви ўтказди ва 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Каннаваро шогирдлари навбатдаги ўртоқлик баҳсини 8 июнда Нидерландияга қарши ўтказади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter