Bo‘zatov FEST-2026: ёш бахшилар беллашувидан фоторепортаж
Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов тумани айни кунларда бутун мамлакатнинг энг иқтидорли ёшлари жам бўлган, мусиқа ва санъат нафаси билан яшаётган қайноқ масканга айланди.
Беш йилдан буён Ёшлар ишлари агентлиги, Маданият вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Ёшлар овози – Bo‘zatov FEST» республика танлови бу йил ҳам ўз финалчиларини бағрига олди. Танлов туман (шаҳар), ҳудудий ва республика босқичидан иборат. Унда бахшичилик, анъанавий ижро, опера ҳамда эстрада каби 4 та йўналишда 3 та ёш (10-15 ёш, 16-22 ёш, 23-30 ёш) тоифасида ўтказилади.
Бу йилги мавсумида 370 минг ёш рўйхатдан ўтди. 165 нафар Республика босқичига, яъни Бўзатов финалига етиб келган энг сара истеъдодлар яна беш кун давомида беллашадилар.
Фестивалнинг умумий мукофот жамғармаси 2,5 миллиард сўм: (1-ўринга 50 млн, 2-ўринга 30 млн, 3-ўринга 20 млн ва финалнинг ҳар бир иштирокчисига 10 миллион сўмдан берилади).
Бу йилги фестивалнинг энг сеҳрли ва шиддатли лаҳзалари айнан бахшичилик йўналишидаги беллашувлардан бошланди. Ҳудудий босқич иштирокчиларинг овоз имкониятларини холис баҳолаш мақсадида Тошкент шаҳридан ташриф буюрган ҳакамлар ҳайъати ёш бахшиларнинг чиқишларини нафақат баҳолаб бордилар, балки йўл-йўлакай ўз таклифларини ҳам билдириб ўтдилар.
Саҳнада ҳақиқий жонли ижро, маҳоратли созандалар гуруҳи ва соф овозлар беллашуви қизигандан қизиди.
Юртимизнинг турли гўшаларидан келган 40 нафарга яқин ёш бахшиларнинг ҳаяжони ва шижоати, ўзига хос жарангдор овози ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Бу эса Бўзатов фестивали шунчаки танлов эмас, у ҳақиқий юлдузларни кашф этувчи ўзига хос мактабга айланганидан далолат. Ортда қолган 5 йил ичида бу саҳнадан етишиб чиққан ёшлар орасидан «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», «Шуҳрат», «Келажак бунёдкори», «Мард ўғлон» ва «Зулфия» номидаги давлат мукофоти соҳиблари ҳам бор.
Суратларга боқинг: дўмбирасини маҳкам тутиб, юрагидаги қўшиқни бор овози билан айтаётган бу ёшларнинг нигоҳида келажакнинг катта санъаткорлари намоён бўлмоқда. Фестиваль 5 июнга қадар давом этади, демак, Бўзатов ҳали янги овозларни кашф этади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter